Ссылки доступа

Душанбедаги «Яшил бозор» ўрнида "Ёқут миноралари" пайдо бўлади


Шаҳарликлар ўртасида «Яшил бозор» номи билан машҳур бўлган пойтахтдаги собиқ «Шоҳмансур» бозори ўрнида ўз ичига турар-жой ва тижорат кўчмас мулкларни олган 26 қаватли «Гунбади Ёқут» (Ёқут миноралари) мажмуаси пайдо бўлади.

Лойиҳа буюртмачиси «Ёкут-2000» қурилиш компанияси бўлиб, ҳозирги кунда унга Вахдатдаги цемент заводи, ресторан, тикувчилик корхонаси қарайди. «Ёқут-2000» қурилиш ишлари учун расмийлардан рухсат олди, бироқ ҳозирча қурилиш қачон бошланиши ва қанча вақт давом этиши аниқ эмас. Лойиҳанинг дизайнерлик ишлари билан Шаржа (БАА)даги Harmony art компанияси шуғулланмоқда.

Harmony art'нинг вакили Абдулғани ал-Саиднинг 30 январ куни айтишича, бинонинг икки қавати офис идораларига топширилади, шунингдек биринчи қаватда клиника ва болалар боғчаси жойлашади. Қолган 24 қавати турар-жойлар бўлади.

Дизайнерларнинг сўзларига қараганда, «Ёқут миноралари» нимаси биландир Дубайдаги Dubai gate турар-жой мажмуасини ёдга солади.

Сўнгги йилларда Тожикистон пойтахтининг архитектуравий кўриниши кескин ўзгариб кетди. Пойтахтдаги асосий кўчаларда– Рудакий проспекти ва Айний кўчасига қадар замонавий осмонўпар бинолар қурилди. Бироқ экспертларнинг огоҳлантиришларича, пойтахтдаги бинолар шошма-шошарлик билан эмас, балки аҳолининг талаблари эътиборга олинган ҳолда белгиланган дастур бўйича қурилиши керак.

Тарихчи Ғафур Шерматовнинг айтишича, Душанбе сейсмик хавф ҳудудида жойлашган, шу сабабли совет даврида тупроқнинг беқарорли туфайли Душанбинка дарёсининг ўнг соҳилига кўп қаватли бинолар қурилишига рухсат берилмаган.

Душанбе шаҳрининг бош режаси совет архитекторлари томонидан ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқилган. Бироқ 2013 йилда пойтахтнинг янги бош режаси ишлаб чиқилди, унга кўра шаҳар марказидаги совет даврида қурилган ўнлаб бинолар бузилди.

XS
SM
MD
LG