Ссылки доступа

Тожикистонда собиқ саноат вазири Зайд Саидов қамоқхонада қолмоқда


Шермухаммад Шохиён
Шермухаммад Шохиён

Таниқли тожикистонлик тадбиркор Зайд Саидов, озод қилиш борасида БМТ чақириқларига қарамай, қамоқхонада қолаверади, дея баёнот берди Тожикистон Олий суди раиси Шермуҳаммад Шохиён Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ўтган йили БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, қаттиқ режимли колонияда 29 йилик муддатни ўтаётган тадбиркор ва мухолифатчини озод қилишга чақирган эди.

«Биз Зайд Саидовни озод қилиш масаласида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитасининг баёнотига рози бўла олмаймиз. Суд жараёнида Саидовнинг айби тўлалигича исботланди», - дея таъкидлади Шохиён 4 феврал куни. Тожикистон Олий суди раисининг таъкидлашича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитасининг баёноти тавсия характерида бўлиб, Тожикистон ҳукумати бу тавсияни бажармаслиги мумкин.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитасининг қайд қилишича, Тожикистон ҳукумати 180 кун мобайнида ҳукмни бекор қилиб, Зайд Саидовни озод қилиши ва зарур ҳолларда объективлик принципи, айбсизлик презумпциясига биноан қайта суд қилинишини таъминлаши, шунингдек унга товон тўлаши керак.

Зайд Саидовнинг ўғли Хайрулло Саидов ўтган йилнинг 18 июл куни баёнот бериб, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси отасининг ишини уч йил мобайнида ўрганганидан сўнг у қонунга зид равишда ҳукм қилингани, шунингдек Тожикистон расмийлари сиёсий ва фуқаро ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро пакт нормаларини бузди, деган хулосага келганини таъкидлаган эди.

Тожикистонда Саидов иши сиёсийлаштирилгани айтилади – ҳибсга олинишидан бироз аввалроқ таниқли тадбиркор ва унинг ҳаммаслаклари «Янги Тожикистон» партияси тузилгани борасида баёнот берган эди.

Таниқли тадбиркор ва сиёсатчи 2013 йилнинг 19 май куни Душанбе аэропортида Франциядан келиши билан ушланган эди. У оғир иқтисодий жиноятларни содир этганликда айбланди: катта миқдорда пора олиш, фирибгарлик ва хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш. Бундан ташқари, З.Саидов кўп хотинликда ҳам айбланди, кейинроқ эса – зўрлаш ва вояга етмаган қизни ҳомиласини олдириб ташлашга мажбурлаш айби ҳам қўйилди. Бироқ унинг ўзи барча айбларни инкор қилади.

Зайд Саидов 2013 йил декабрида 26 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинди. Бир ярим йил ўтиб Тожикистон Олий суди Зайд Саидовга нисбатан янги жиноий иш бўйича ҳукм чиқарди, бу ҳукмга кўра асосий муддатга уч йил қўшиб берилди. Янги айбловга кўра «Душанбе Плаза» мажмуасининг қурилиши соҳта ҳужжатлар асосида олиб борилгани таъкидланади. Бундан ташқари Саидовга Тожикистон Саноат вазири бўлиб турган вақтда қонунга зид равишда «Тожикатлас» корхонасини хусусийлаштириш айби ҳам қўйилди.

XS
SM
MD
LG