Ссылки доступа

Остонада ёнғин вақтида ҳалок бўлган болалар билан видолашилди (видео)


Остонада душанба куни кечқурун юз берган ёнғинда ҳалок бўлган беш нафар бола билан бугун видолашилди. Болаларни сўнгги йўлга кузатиш маросимига юзлаб одамлар келди.

“Озодлик” радиоси қозоқ хизмати видолашув маросимидан тўғридан тўғри трансляция узатди.

4 феврал, душанба куни кечқурун Сариариқ туманидаги Коктал-1 мавзеида жойлашган хусусий турар жой биносида вақтинчалик бошпанада ёнғин чиқди. Ўт ўчирувчилар командаси етти дақиқада ҳодиса жойига етиб келди. Бригада етиб келганидан бир неча дақиқа ўтиб бошпана томи босиб қолди. Ёнғин майдони 30 квадрат метрни ташкил қилди.

Фавқулотда вазиятлар қўмитасининг маълум қилишича, ёнғин «101» пультига келиб тушган хабардан бир соат ўтиб ўчирилган. Ёнғинга қарши кураш хизмати ходимлари томонидан ёнғин жойидан беш нафар: 2006, 2008, 2013, 2015 ва 2018 йилларда туғилган болаларнинг жасади топилди.

Остонадаги бошпанада юз берган ёнғин вақтида ҳалок бўлган болаларнинг ҳаммаси бир оила фарзандлари эди. Ёнғин вақтида болалар уйда ёлғиз қолган эди. Оила қариндошларининг айтишларича, беш боласидан айрилган ота Техник хизмат кўрсатиш станциясида пайвандчи бўлиб ишлайди, она эса уч кун аввал пластик карталар ишлаб чиқарадиган заводга ишга кирган эди.

Душанба куни эрталаб Остона шаҳар ҳокими Бахит Султанов бир оиланинг беш фарзанди ҳалок бўлган ёнғин муносабати билан фавқулотда мажлис ўтказди. Остонадаги турар жой мавзеларида иситиш мавсуми бошланганидан бери фавқулотда вазиятлар департаментининг мухандис - инспектор таркиби рейд тадбирларини ўтказаётганига қарамай, ҳоким фожианинг асосий сабаби сифатида “ФВ департаменти томонидан йўл қўйилган камчилик” эканини қайд қилди.

Пойтахт хокимияти матбуот котиби Элмира Жургенбаева журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида оила кўп болали сифатида рўйхатда турганини таъкидлаб ўтди.

XS
SM
MD
LG