Халқаро Ислом академияси қошидаги лицейда таҳсил олувчи 17 ёшли қизнинг отаси ўқув юрти раҳбариятининг рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмаслик қарори устидан судга шикоят аризаси киритган.
Маълум бўлишича, маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур суди рўмоли ечтирилган талаба қизнинг отаси киритган даъвосини кўриб чиқишни 7 феврал кунига кечиктирган.
Арзчи томон маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулуновга ишонсизлик билдирганидан сўнг ишни кўриб чиқишга янги судя тайинланган.
- Суд 7 феврал куни бўлиб ўтади, ишни янги тайинланган судя кўриб чиқадиган бўлди, - деб билдирди Абдувоҳид Ёқубов.
Жабрланувчи сифатида кўрилаётган талаба қиз ҳали 18 ёшга тўлмагани боис¸ Абдувоҳид Ëқубов унинг ҳуқуқий манфаатларини судда ўзи ҳимоя қилаётганини айтди.
- Мен ўзим адвокатман. Ислом академияси ва лицейининг қизларга рўмолда ўқишга келишларини тақиқловчи ички қарорларини бекор қилишни сўраб, судга шикоят киритдим. Чунки рўмол ўраган қизларнинг ўқишга киритилмаслиги Ўзбекистон имзолаган халқаро ҳужжатлар ҳамда мамлакат Конституциясидаги меъёрларга зиддир, - дейди Абдувоҳид Ёқубов.
Маълум бўлишича, Халқаро Ислом академиясида шу пайтгача камида тўрт талаба рўмолсиз ўқишга боришни хоҳламай, дарс қолдиргани учун ўқишдан ҳайдалган.
Ўзини Тошкент Халқаро Ислом академияси ректори ёрдамчиси деб таништирган расмий талаба қизларнинг ҳозирда ҳам ўқишга ҳижоб ёки рўмолда дарсга қўйилмаслигини тасдиқлади.
Академия ректори ёрдамчиси билим юрти раҳбарияти устидан судга шикоят тушганидан хабари борлигини айтди.
Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик кодексининг 184-моддаси 1-бандига кўра, диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари фуқароларининг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Аммо адвокат ота Абдувоҳид Ёқубов "Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун"нинг нотўғри талқин этилаётганини иддао қилади.
- Бизда жамоат жойларида диний либос тақиқланган тўғри, бунга қўшиламан, лекин рўмол диний либос эмас, бу миллий либос. Шунинг учун лицей ва академия рўмолни тақиқлайман¸ дейишга ҳаққи йўқ, - дейди Ёқубов.