Ссылки доступа

Назарбоев ўзининг Конституцион Кенгашга мурожаати юзасидан «шовқин солмаслик»ка чақирди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг Конституцион Кенгашга йўллаган мурожаатини «давлат олдидаги мутлақо мунтазамлик касб этадиган масала» эканлигини таъкидлади ва «шовқин кўтармаслик»ка чақирди.

Назарбоев ўзининг кечаги Конституцион Кенгашга президент ваколатларини тўҳтатиш тўғрисидаги нормага изоҳ сўраб қилган мурожжати акс этган видео 5 феврал куни Қозоғистон президенти матбуот хизматининг Facebook’даги саҳифасида пайдо бўлди. Видеода Назарбоев Конституция қабул қилинган 1995 йилдан ва Конституцион Кенгаш тўғрисида қонун қабул қилинганидан бери Конституцион Кенгашга «менинг 22та президент мурожаатим берилган» деди.

«Конституцион Кенгаш тўғрисидаги қонун Конституцион кенгашга Конституция, қонунларда мавжуд бўлган бўшлиқларни шарҳлашга ҳуқуқ беради», — дейди президент. Унинг сўзларига қарганда, ўзининг сўнгги мурожаати «бу мунтазамлилик касб этган ҳодиса», «одатий жараён».

«Масалан менга, қайси шароитларда [президент] ўз хоҳиши билан бу лавозимни тарк этиши, яъни истеъфога чиқиши мумкинлиги юзасидан савол беришади. Бу [Конституцияда] йўқ. Жаҳоннинг барча конституцияларида бу нарса мавжуд. Шу каби саволларни менга беришгани боис, мен Конституцион Кенгашдан шунга изоҳ беришни сўрадим», — дейди Назарбоев. Унинг сўзларига қараганда, кенгашга қилган навбатдаги мурожаатида «ҳеч нарса йўқ, шу сабабли шовқин кўтариш керак эмас».

«Тўғри, барчани энг қизиқ масалалар – яъни [навбатдан ташқари] сайловлар, [ҳокимият] транзити ва бошқа масалалар қизиқтиради. Конституцияни ўқинг, президент тўғрисидаги қонунларни ўқинг. У ерда аниқ-равшан ёзиб қўйилган: қочон сайловлар бўлиши, қачон [ваколат] муддати тугаши ёзилган», — дея баёнот берди Назарбоев. «Тўғри, Конституцияга кўра президент муддатдан аввал сайловларни эълон қилиш ҳуқуқига эга, аммо бу ҳолат бизга хавф солмаяпти», — деди президент. Ўз чиқишини Назарбоев: «Шу сабабли, келинг хотиржам бўлайлик, хотиржам ишлашда давом этайлик», деган ибора билан якунлади.

Президент Нурсултон Назарбоев ўз мурожаатида Конституциянинг 42- моддаси 3-пунктининг нормаси юзасидан изоҳ берилишини сўрайди. «Республика президентининг ваколатлари республиканинг янги сайланган президенти лавозимига киришганидан сўнг, шунингдек муддатдан аввал озод қилинганида ёки вафот этганида тўхтатилади. Республиканинг барча собиқ президентлари, мансабидан четлаштирилганларидан ташқари, Қозоғистон республикаси экс-президенти унвонига эга бўлади», -дейилади мазкур пунктда.

Нурсултон Назарбоев салкам 30 йилдан бери Қозоғистоннинг биринчи раҳбари бўлиб келмоқда. У ҳокимиятга СССР тарқалиб кетишидан аввал келган. У 2015 йил апрелда бўлиб ўтган сайловларда, расмий маълумотларга қараганда, 97 фоиздан кўпроқ овоз олган ва беш йиллик муддатга қайта сайланди.

XS
SM
MD
LG