Ссылки доступа

Ашхобод ўз ҳудудлари орқали яна тожик юк машиналарининг транзитини тақиқлади


Тожикистонга йўл олган ўнлаб юк машиналари яна Туркманистон чегарасида туриб қолди. Ҳайдовчиларнинг хабар қилишларича, туркман расмийлари 4 февралдан бошлаб ўз ҳудудлари орқали транзитни тақиқлаб қўйди.

Тожикистон транспорт вазирининг ўринбосари Шерали Ганжалзоданинг 5 феврал куни айтишича, тожик томони туркманистонлик ҳамкасбларига юзага келган вазият борасида тушунтириш беришларини сўраб мурожаат қилган, аммо ҳамон жавоб олинмаган. «Биз трейдерларга сабр-тоқатли бўлишлари кераклиги бўйича маслаҳат бердик, биз нима учун транзит тақиқланиши сабабларини билишимиз керак», - деди ТР транспорт вазирининг ўринбосари.

Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда туркман чегарасида 20га яқин юк машинаси тўпланиб қолган. Ганжалзода ҳайдовчиларга иккита муқобил йўлдан: Афғонистоннинг Ҳироти ва Озарбайжон портидан фойдаланиш борасида маслаҳат берди. Бунга жавобан тадбиркорлар бу йўллар ҳаддан зиёд узоқлигини ва ҳаражатлар кўпайиб кетишидан шикоят қилмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида Туркманистон расмийлари тожик юк машиналари ва темирйўл вагонларини ўз ҳудудлари орқали транзитини тақиқлаб қўйган эди. Юзлаб тожик юк машиналари Эрон-Туркманистон чегарасида туриб қолди, аммо Ашхобод тақиқлов сабабларини айтмади.

Сентябр ойи ўрталарига келиб Ашхобод транзит орқали Тожикистонга йўл олган юк машиналари хавфсизлик нуқтаи назаридан Туркманистон чегарасида ушлаб турилганини маълум қилди. Туркманистон томоннинг ТР ташқи ишлар вазирлиги номига йўллаган мактубида шу изоҳ берилган. Орадан бир ой ўтиб Ашхобод тожик юк машиналарининг транзитига «розилик» берди.

XS
SM
MD
LG