Ссылки доступа

Қозоғистонда суд “ҳокимиятни эгаллаб олишга чақириқ”да айбланган Айгул Ақбердиевани оқлади


Оқтов шаҳар суди бугун маҳаллий аҳоли вакили 39 ёшли Айгул Ақбердиевани оқлади. У Қозоғистонда фаолияти тақиқланган “Қозоғистон демократик даъвати” ташкилотида telegram-чатда иштирок этганидан сўнг “ҳокимиятни эгаллаб олишга чақирган”ликда айбланган эди.

Ақбердиеванинг адвокати Жанар Сундеткалиеванинг айтишича, Ақбердиева “жиноят таркиби йўқлиги сабабли” оқланди. Ақбердиева ўзига қўйилган айбловни инкор қилган эди. Суд эшитувлари давомида судланувчининг адвокатлари бир неча бор баёнот бериб, тергов идоралари томонидан тергов давомида қонун бузилишларига йўл қўйилганини таъкидлашди.

Адвокатнинг хабар қилишича суд судгача бўлган тергов идораларига нисбатан “судга қадар тергов давомида жиноий-процессуал қонунчилик бузилишига йўл қўйилгани” тўғрисида алоҳида хукм чиқарди. Хукм ҳозирча қонунан кучга кирмади ва прокурор эътирозига биноан 15 кун мобайнида бекор қилиниши мумкин.

4 февраль куни Коктал-1 мавзеидаги турар жойнинг бошпанасида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг беш нафар фарзанди ҳалок бўлгани сабабли турли шаҳарларда ўтаётган митинглар фонида Ақбердиевага ҳукм чиқарилди. Судда 4 феврал куни сўнги сўз олган тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш Ақбердиева “аҳолининг ижтимоий аҳволи ёмон” эканлигини, шу сабабли ҳам “ҳукумат олиб бораётган сиёсатга қарши чиқаётганини”, “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” борасидаги тушунчани суд бошланганида билганини таъкидлади.

Суд эшитувларида судланувчи Ақбердиеванинг томони суддан аёлни оқлашни сўради, чунки у «ҳеч қачон ҳеч кимга чақириқ билан чиқмаган, фақат ўз фикрини билдирган, холос». Прокурор “судланувчининг айби тўлалигича исботланганини” айтиб Ақбердиевага беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини беришни сўради.

Суд Ақбердиеванинг ишини кўриб чиқишга 24 сентябр куни киришди. Ақбердиеванинг 45 ёшли эри Абловас Джумаевга суд худди шу каби айб билан ўтган йилнинг сентябрида уч йил озодликдан маҳрум қилиш борасида қарор чиқарди. Декабр ойида апелляция суди унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Джумаев ва Ақбердиева судда бир неча бор ўзларига қўйилган айбловлар сиёсийлаштирилганини айтиб, уни инкор қилишди.

XS
SM
MD
LG