Ссылки доступа

Ўзбекистонда иш ҳақини мажбурий хайрияга ўтказмаган ўқитувчиларга ойлик берилмаëтир


Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатдаги барча ташкилот ва идоралар ишчи-хизматчиларининг 26 январь кунги бир кунлик иш ҳақини Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилаш учун хайрия қилдириш ҳақидаги фармойиши ижросига нисбатан эътирозлар айрим жойларда очиқ тус олмоқда.

Жалақудуқлик мактаб ўқитувчисига кўра¸ ўзи ва айрим ҳамкасбларининг “ўз ташаббусига кўра ихтиëрий тарзда” бир кунлик иш ҳақини ўтказиш талабига бўйсунмагани ортидан¸ улар ишлаëтган мактаб ўқитувчиларининг ойлигини бериш тўхтатилган.

Халқ таълими вазирлиги расмийси ўқитувчини Вазирлар Маҳкамаси қарорида ихтиëрий деб айтилган бундай хайрияга пул беришга мажбурлашнинг ҳам бу фармойиш¸ ҳам қонунчиликка зид эканини билдирди.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 31-мактабнинг ўзбек тили ва адабиëти ўқитувчиси Дилбар Қобулова¸ Вазирлар Маҳкамасининг 22 январь кунги 41-сонли фармойиши ижроси ўқитувчилардан ноқонуний пул ундириш воситасига айланганини билдирди.

- Вазирлар Маҳкамаси фармонида¸ бизнинг вазирлик берган изоҳга кўра¸ ўз ташаббусига кўра хайрия қилишлари мумкин¸ дейилган. Бир кунлик иш ҳақи ундирилсин¸ дейилмаган. Мен бу ташаббус меники эмас¸ бир кунлик иш ҳақимни беришни истамайман¸ дедим. Аввалига директор ҳам¸ бухгалтер ҳам мажбурлаш йўқ¸ деб индашмади. Аммо мактабимиз директорига Жалақудуқ ҳокими қаттиқ босим қилиб¸ ҳаммадан “розиман” деб ëздириб оласан ва 5 миллион сўм ўтказишасин¸ деб буюрган. Шундан кейин босим кучайди¸ деди Қобулова.

Мактаб ўқитувчиси таъкидича¸ ўзи ва яна айрим ҳамкасбларининг “бир кунлик иш ҳақимни олиб қолишингизга розиман”¸ деган хатга қўл қўймагани ортидан¸ 31-мактаб ўқитувчиларига январь ойлиги берилмаган.

- То ҳамма ўқитувчи розиман деб ëзиб бермагунча¸ ойлик йўқ эмиш¸ дейди Дилбар Қобулова.

Андижон вилояти ҳокимининг "хайрия пуллари"ни ундиришга оид фармойиши нусхаси.

Андижон вилояти ҳокимининг 26 январь кунги фармойишида¸ "вилоятдаги ташкилот¸ корхона¸бошқарма¸ идора ва муассасалар ходимларининг ўз ташаббусига кўра бир кунлик иш ҳақи миқдорида хайрия ëрдамларини "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг" "Ҳамкорбанк"даги ҳисоб рақами ўтказиш "белгилаб қўйилган".

Халқ таълими вазирлигининг мутасаддиси Вазирлар Маҳкамаси фармойишида бир кунлик иш ҳақини хайрия қилишнинг ихтиëрий равишда бўлиши ëзилганини таъкидлаб¸ ўқитувчиларни ўз иш ҳақидан мажбуран воз кечтиришнинг меҳнат қонунчилигига зид эканини билдирди.

“Лекин ҳозирча вазирликка бирор ўқитувчи ëки директордан ҳокимият тизимларининг фалон пул ўтказмагунча¸ ойлик берилмайди¸ деб босим қилаëтгани ҳақида шикоят тушмаган. Шундай шикоят бўлса¸ биз уларни ўрганиб¸ ҳар бир ҳолат бўйича тушунтириш берамиз”¸ деди вазирлик расмийси.

Бир гуруҳ самарқандлик ўқитувчилар¸ вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг имзосиз буйруғи асосида бир кунлик иш ҳақидан воз кечиш ҳақида ўзларидан мажбуран тилхат ëздириб олинаëтганини билдирган эди.

Самарқанддаги бу жараëнга ҳам айнан Вазирлар Маҳкамасининг 22 январь кунги 41-сонли фармойиши асос қилиб келтирилган эди.

Жалақудуқлик Дилбар Қобулова¸ йиллар давомида ўқитувчилар ойлигидан ҳар хил ҳашар ва хайрия баҳонасида ҳеч бир изн ва изоҳсиз олиб қолинган пулларнинг қаерга кетгани ҳақида жамоатчиликка бирор жўяли изоҳ берилмаганини айтади.

“Агар биз берган пулга Орол тўлса эди¸ бутун ойлигимни беришга ҳам тайëрман. Лекин йиллар давомида бирда 20 минг¸ яна бирда 30 мингдан олиб келишди. Бу пулларнинг қаерга кетгани ҳақида бизга биров жўяли ҳисоб берган эмас. Кимларнинг чўнтагига кетмади¸ бу пуллар деб ким айта олади? Шунинг учун мен меҳнат қилиб топган иш ҳақимга бошқалар хўжайинчилик қилишга рози бўлмайман. Январда ойлигимиз ошди¸ деб хурсанд бўлиб турсак¸ энди 100 мингни хайрия қил¸ дейди. Ўқитувчига бу жуда билинади¸ дейди Дилбар Қобулова.

Узоқ йиллик халқаро босимлар натижасида жорий Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги мажбурий меҳнат кўламини камайтириш¸ хусусан¸ таълим тизими хизматчиларининг ўз касбий фаолиятига алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш¸ улар ойлигидан мажбуран турли йиғимлар олиш амалиëтига чек қўйиш жараëнини бошлаган.

Хусусан¸ 4 февраль куни АҚШга келган Ўзбекистон расмий делегация АҚШ ҳукумати ва халқаро бизнес тизимларини мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам берилганини ишонтиришга уринмоқда.

XS
SM
MD
LG