Ссылки доступа

Германия элчиси: Бизни тожик қочқинларининг сиёсий қарашлари қизиқтирмайди


Найтхарт Хёфер-Виссинг
Найтхарт Хёфер-Виссинг

ГФРнинг Тожикистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Душанбе бир неча бор тожик мухолифатчиларининг Германия ҳудудларида бўлишидан ўз хавотирини билдирганини ва уларни экстрадиция қилинишини талаб қилганини тан олди.

Германия Тожикистон Ислом Уйғониш партияси, «24 гуруҳи» тарафдолари истиқомат қилаётган Европадаги мамлакатлардан биридир. Бу мамлакатдан Душанбе сиёсати билан келиша олмайдиган олимлар ва журналистлар бошпана топган.

«Биз Тожикистон расмийларига жавоб сифатида: агарда сизларда бу инсонларнинг жиноят содир этганликлари ёки қонунга зид ҳаракатлари борасида далиллар бўлса бизга беринг, дедик. Биз текшириб кўрамиз ва қарор қабул қиламиз. Германияда у ёки бу инсоннинг айбини фақат суд белгилайди», - деди немис дипломати.

Найтхарт Хёфер-Виссингнинг таъкидлашича, Германия ҳукуматини қочқинларнинг сиёсий қарашлари қизиқтирмайди ва маҳаллий қонунлар бузилган тақдирдагина улар жавобгарликка тортиладилар.

Ўтган йилнинг августида ГФР расмийлари Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг аъзоси бўлмиш Муҳаммадсиддиқ Файзрахмоновни Тожикистонга депортация қилишига бир баҳя қолган эди. Der Spiegel ҳафталик нашрининг ёзишича, Германия ТИВнинг аралашуви билангина муҳолифатчининг чиқариб юборилиши сўнгги дақиқаларда тўхтатиб қолинди. Вазирликнинг нашрга маълум қилишича, Миграция ва қочқинлар ишлари бўйича Федераль муассаса яна бир бор Файзрахмоновнинг ишини МИДдан олинган янги маълумотлар асосида ўрганиб чиқади. 34-ёшли Файзрахмонов хорижга қочиб кетган ва фаол сиёсат билан шуғулланишда давом этаётган ТИУП матбуот котиби Маҳмуджон Файзрахмоновнинг укаси ҳисобланади.

Европа мамлакатларидан сиёсий бошпана сўровчилар сони 2015 йил кузида, Душанбе расмийлари томонидан ТИУП террор ташкилоти дея эълон қилиниб, унинг фаолияти мамлакат ҳудудларида тақиқлангани, партия раҳбариятини давлат тўнтаришига уринган мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдухалим Назарзодани қўллаб-қувватлаганда айблаганидан кейин кўпайди. Партия фаолияти тақиқланганидан кейин унинг раҳбарларига нисбатан қатоғонлар уюштирила бошланди.

ТИУП ва 24лар гуруҳи Тожикистон Олий суди томонидан террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG