Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукуматида кўп болали оилаларга турар жой берилиши билан боғлиқ масала кўтарилмоқда


Қозоғистон саноат ва тараққиёт инфратузилмаси вазири Женис Қасимбек кўп болали оилаларга турар жойлар қурилишини кўпайтириш таклифи билан чиқди.

Журналистлар билан 6 феврал куни бўлиб ўтган учрашувда Қасимбек ўзи раҳбарлик қиладиган вазирлик бу масалани ҳукумат мажлисида кўтариб чиқишни режалаштираётганини айтди.

«Биз шу каби оилаларга қўшимча уйлар қурилиши учун молия топиш йўлларини қидираяпмиз. Агар ҳар йили 700та хонадон қурилаётган бўлса, эндиликда уларнинг сонини икки-уч баробар кўпайтириш керак бўлади», — деди вазир.

Қасимбекнинг сўзларига қараганда, вазирлик ҳукуматга «Нұрлы жер» давлат дастурига кўп болали оилаларни ижара уй билан таъминлаш масаласини киритишни таклиф қилмоқчи.

Айни дамда ижара уй олиш учун навбатда 28 мингта оила турибди, деди вазир.

Бундан аввалроқ Остонада чоршанба куни юзлаб аёллар кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласида ҳукуматга ўз талабларни илгари сурган эди. Улар Остонада юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг беш фарзанди вафот этганидан сўнг тўпланишди.

4 февралга ўтар кечаси Остонадаги Коктал-1 мавзесидаги турар жойда бошпана ёниб кетди. Бунинг оқибатида бир оиланинг беш нафар қизчаси ҳалок бўлди. Остона шаҳар хокимияти матбуот котиби Эльвира Жургенбаева ёнғин оқибатида фарзандлари ҳалок бўлган оила турар-жой учун навбатда турмаганини маълум қилди. ИИВ раҳбари Қалмуханбет Қасимов 5 феврал куни юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида баёнот берди.

Сешанба кун бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида вазир Қасимов дастлабки маълумотларга кўра ёнғинга ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабаб бўлганини таъкидлади. Журналистларнинг «ота-оналар мажбуриятини бажармаган ота-оналарга нисбатан жиноий иш очиладими?» дея берилган саволга, Қасимов салбий жавоб берди. «Менинг фикримча, бу ерда ҳолат бошқача. <...> Биз ёнғин сабабларини аниқлашимиз керак», — деди вазир.

XS
SM
MD
LG