Ссылки доступа

ОАВ: Қирғизистон РФга каскадда ГЭС қуриш бўйича лойиҳага қайтишни таклиф этди


Қирғизистон Россияга Юқори Норин каскадида ГЭС қуриш бўйича лойиҳага қайтишни таклиф этди. Бу ҳақда РИА Новости РФ Энергетика вазирлигига таяниб хабар берди.

Манба маълумотига кўра, “ушбу масала расмийлар ва манфаатдор компаниялар томонидан кўриб чиқилмоқда”. Шунингдек қирғиз томони билан ҳамкорликни янгилаш шартлари муҳокама этилмагани таъкидланган. ҚР Саноат, энергетика ва ерости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси ушбу масалага ҳозирча изоҳ бермаяпти.

2012 йилда Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари Юқори Норин каскадида гидроэлектр станциясини қуриш ҳамда фойдаланишга топшириш тўғирисида битим имзолаган эди. Бунинг учун “Юқори Норин ГЭС” ЁАЖ қўшма корхонаси тузилган эди. Лойиҳа доирасида 4 та ГЭС – “Ак Булун”, “Норин ГЭС-1”, “Норин ГЭС-2” ва “Норин ГЭС-3”ни барпо этиш режалаштирилганди.

Бироқ 2016 йил август ойида Қирғизистон битимни бир томонлама бекор қилди. Бишкек россияликлар томони Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли ҳали-бери объектларни қура олмайди деб ҳисоблаганди.

“РусГидро” бунга жавобан кетган маблағларни қайтаришни талаб қилди. Компания инвестициялар ҳажми 37 млн. доллар эканини эълон қилди. Аммо Қирғизистон халқаро аудит ўтказиб, харажатларни исботлашни талаб этди. 2018 йил 31 октябрь куни “РусГидро” Ҳаагадаги халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Қирғизистон 2019 йил апрелидан кечиктирмай бунга эътироз билдириши керак бўлади.

XS
SM
MD
LG