Ссылки доступа

Тожикистонда одам савдоси қурбонлари сони ортмоқда


2017 йилда 86 нафар тожикистонлик одам савдоси тармоғига тушиб қолган ва бошқа мамлакатларда қул сифатида эксплуатация қилинган, дея 6 феврал куни хабар берди БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Душанбеда бўлиб ўтган анжуманда.

Ўша йили Тожикистоннинг 60 нафар фуқароси араб мамлакатларида, шунингдек Туркия, Россия ва Қозоғистонда жинсий қулликда бўлган, деди БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича дастурлар менежери Кун Маркверинг. Унинг сўзларига қараганда, Тожикистон расмийларининг маълум қилишича, 2014 йилдан 2016 йилларга қадар одам савдоси билан боғлиқ ҳодисалар камайган, бироқ 2017 йилда вазият бирданига ёмон томонга ўзгариб кетган.

Экспертларнинг фикрича, фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига йўл олишлари туфайли уларнинг одам савдоси тармоғига тушиб қолиш хатари кучайиб боради. БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш Бошқармаси (Австрия, Вена шаҳри)нинг жиноятчиликдан огоҳлантириш ва одил судлов масалалари бўйича ходими Анна Цицинанинг айтишича, одам савдоси билан боғлиқ ҳодисаларнинг кўпайгани иқтисодий муаммолар, жумладан Тожикистондаги ишсизлик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Одам савдоси қурбонларининг кўпчилиги яхши ҳаёт орзусида ўзга мамлакатларга кетишга мажбур бўлмоқда, дейди эксперт.

Тожикистон қонунлари одам савдогарларига нисбатан аёвсиз жазо берилишини кўзда тутади. Ўтган йилнинг ноябр охирларида ТР ички ишлар вазирининг ўринбосари Икром Умарзода Тожикистон парламентининг қуйи палатасига одам савдосини олдини олиш ва қурбонларига ёрдам беришга қаратилган қонунга ўзгартиш киритишлойиҳасини тақдим қилган эди. Унинг сўзларига қараганда, бу каби жиноятларга асосан аёллар дуч келмоқда экан.

Унинг айтишича, 2018 йилнинг 10 ойи давомида одам савдосига алоқаси бўлган 49 киши ушланган, уларнинг 5 нафари эркак ва 44 нафари аёлдир. «Одам савдоси қурбонлари асосан аёллар ва болалар бўлмоқда. Жумладан, шу йилда 46 нафар жабрдийда – 36 аёл ва 10 нафар бола фош қилинди», -дея таъкидлаган эди амалдор.

Ўтган йилнинг ёзида 2018 йил учун Қуллик бўйича Глобал индекс (The Global Slavery Index) эълон қилинган эди. Унда Тожикистон 75-ўринни эгаллади.

XS
SM
MD
LG