Ссылки доступа

Қирғизистонда Атамбаевга қарши судда кўрсатма берилгудек бўлса, унга нисбатан иш очилиши мумкин


Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг котиби Дамир Сагинбаев собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг дахлсизлик мақоми бекор қилиниши мумкинлиги эҳтимоли билан боғлиқ масалага изоҳ берди.

Унинг сўзларига қараганда, собиқ президент мақомига тааллуқли қонун лойиҳаси Қирғизистон парламентида муҳокама қилинмоқда ва муҳокамалар натижасига қараб дахлсизлик тўғрисида қарор қабул қилинади.

«Уни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи бўйича, шуни таъкидлаш керакки, бу масала тегишлимансабдор шахсларга оид жиноий иш доирасида кўриб чиқилади. Агар тергов давомида ёки судда унинг қандайдир жиноятга алоқаси борлиги бевосита ёки билвосита кўрсатиладиган бўлса, эҳтимол у жиноий жавобгарликка тортилар», - деди Сагинбаев ва ҳозирча бу каби кўрсатмалар йўқлигини сўзига қўшимча қилиб ўтди.

Шу билан бирга у собиқ юқори лавозимли амалдорлар айбланувчи сифатида бўлиб ўтаётган суд жараёнларини назарда тутаётганини қайд қилиб ўтди.

Айни дамда парламент “Қирғизистон Республикаси президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш арафасида турибди», қонун лойиҳасида собиқ президентларнинг дахлсизлиги бекор қилиниши кўзда тутилмоқда.

Ўтган йилнинг октябр ойи бошларида Конституцион палата “Президент фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг собиқ президентларга мутлақо дахлсизлик мақоми берилишини кўзда тутган 12-моддасини конституцияга зид дея эълон қилган эди. Палата дахлсизлик бекор қилиниши мумкин деган қарорга келди. Бироқ, бу жараён импичментга нисбатан мураккаб бўлиши керак эмаслиги таъкидланади.

Қирғизистон собиқ президенти мақомига Роза Отунбаева ва Алмазбек Атамбаев эга. Инқилобдан кейин Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев бу мақомдан маҳрум қилиндилар.

XS
SM
MD
LG