Ссылки доступа

Прокуратура “Халқ банки”даги ўғрилик бўйича тергов бораëтганини билдирди


Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона вилояти Ëзëвон туманидаги “Халқ банки”дан 5 февраль куни 100 минг АҚШ доллари йўқолгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади ва бу воқеа бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Айни пайтда¸ “Халқ банки”нинг собиқ ва жорий хизматчилари ичкаридан қилинган бундай ўғриликнинг биринчи марта эмаслиги ва ўтмишда бу каби жиноятнинг бости-бости бўлганини иддао қилдилар.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича¸ “Халқ банки”нинг Ëзëвон туман филиали ғазнасидан ўзбек сўми эквиваленти 838 млн. сўм бўлган 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўқолгани ҳақида туман ИИБ навбатчилик қисмига тунги соат 11:40 да ариза берилган.

Банк бошқарувчиси томонидан берилган расмий аризада¸ пул йўқолганининг 5 февраль куни куни соат 20:00 ларда ғазнани ёпиш вақтида аниқлангани билдирилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими тезкор ходимларидан иборат таркибда тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, холислар ва тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда воқеа жойи кўздан кечирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 05.02.2019 йилда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган”¸ дейилади Бош прокуратура баëнотида.

Расмий хабарга кўра¸ ҳозирда воқеа юзасдиан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирча прокуратура ва ИИБ расмийлари қанча одамнинг терговга жалб қилингани¸ улардан нечтасининг ҳибсда қолаëтгани ва гумонланаëтган шахслар аниқланган-аниқланмагани ҳақида маълумот бермади.

Маҳаллий тадбиркорга кўра¸ Ëзëвон бўлимидан 100 минг долларнинг йўқолиши¸ вилоятга янги раҳбар тайинланиши эртасига содир бўлган.

“4 февраль куни Яҳëхон деган ëш йигит “Халқ банки” Фарғона вилоят филиалига бошлиқ бўлаяптида¸ эртасига Ëзëвон бўлимидан пул йўқолаяпти. Вилоят банкининг олдинги бошқарувчиси Нурали ака ëзëвонлик¸ туман бўлимида ишлайдиганларнинг ҳаммаси унга яқин одамлар. Менга вилоятда янги раҳбар иш бошлаганидан 24 соат ўтиб-ўтмай¸ 100 минг долларнинг ғойиб бўлиши¸ жуда шубҳали¸ янги раҳбарга қарши атайин уюштирилгандек¸ кўринди”¸ деди шахси очиқланишини истамаган “Халқ банки” мижозларидан бири бўлган тадбиркор.

“Халқ банки” Фарғона вилоят филиали бошқарувчиси қабулхонаси телефонига 7 февраль куни жавоб берган банк хизматчиси¸ янги раҳбарнинг ҳақиқатан ҳам 4 февралдан иш бошлаганини тасдиқлади. Айни пайтда¸ Ëзëвон бўлимидаги ўғрилик тафсилотларидан бехабарлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG