Бухоро шаҳридаги “Bukhara Cotton Textile” Ўзбекистон - Буюк Британия қўшма корхонасининг ишдан ҳайдалишдан чўчиб исми сир қолишини сўраган монтажчиларидан бири ишчилар шартномада кўрсатилган маошнинг ярмини олаëтганини иддао қилди.
“Биз билан тузилган шартномани имзолаётган пайтда маошимиз 2,5 миллион сўм эканлигини кўрган эдим. Шартноманинг бир нусхасини бизга бермади, ўшанда зўрға ўқиб олишга улгурган эдим. Лекин амалда 1,2 миллион сўм иш хақи берилаяпти, 23 фоизли даромад солиғидан ташқари яна 800 минг сўм ҳеч бир сабабсиз ушлаб қолинаяпти. Декабрь ойлигини эса январнинг охирида олдик”.
Ишчининг айтишича, шартномадаги иш вақти ва дам олиш кунларига оид банди ҳам қўпол равишда бузилмоқда.
“Корхонанинг меҳнат шартномасида иш куни ҳафтасига 5 кун, шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни, байрам кунлари дам олиш кунлари ва кунлик иш соати 10 соатдан иборат деб айтилган, аммо биз ҳафтасига 6 кун, байрам куни дам олишсиз, ҳар куни 12 соатдан ортиқ ишлаяпмиз”, дейди корхонанинг калава ишлаб чиқариш цехига асбоб-жиҳозларни монтаж қилаётган ишчи.
Калава ишлаб чиқариш цехини монтаж қилаётган бошқа ишчи эса асосан куч ишлатар тизимларидан пенсияга чиққанлардан иборат корхона раҳбарларини ишчиларга қўпол муносабат қилаëтганликда айблади.
Ишчининг айтишича, улар махсус иш кийимларини ўзларининг пулига сотиб олмоқда.
Корхона бош ҳисобчиси Шерзод Мирзаев ўзини оддий мутахассис деб таништирар экан, ишчиларнинг иш ҳақлари масаласидаги иддаолари асоссиз, деди.
“Ундай бўлиши мумкин эмас, улар шартнома тузган бўлса, сизга иккинчи нусхасини кўрсатсин эди. Бундай шикоят бўлишини мен биринчи марта эшитиб турибман”, деди Шерзод Мирзаев.
“Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонаси қурилиши 2018 йилда бошланган. Бу корхонада қарийб 700 нафардан ортиқ монтажчи ва қурувчи ишламоқда.