Ссылки доступа

Магнитогорскда 8 одамни қутқарган ўзбекистонлик Россия медали билан тақдирланди


Россиянинг Челябинск вилоят губернатори Борис Дубровский 6 февраль куни Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаевга тантанали равишда «Яхшилик қилишга шошилинг» медалини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Оламафруз Абдуллаев 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорскда портлаш оқибатида вайрон бўлган кўп қаватли уй вайроналари остидан қутқарувчилар етиб келгунига қадар саккиз кишини қутқарган эди.

5 февраль куни сурхондарёлик Оламафруз Абдуллаев билан Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулигида учрашув ўтказилган эди. Учрашувда унга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги фахрий ёрлиғи топширилди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» унга Екатеринбург-Тошкент рейси учун бепул чипта тақдим этди. Оламафруз Абдуллаев 7 февраль куни Ўзбекистонга учиб келади.

Магнитогорскдаги кўп қаватли уйлардан бирида 2018 йил 31 декабрь куни содир бўлган портлаш оқибатида 39 киши ҳалок бўлган эди. Россия Тергов қўмитаси бу ҳодисага табиий газ портлаши сабаб бўлганини билдирган.

XS
SM
MD
LG