Ссылки доступа

"Ўзбекконцерт": "Президентимиз хонандаларнинг рекламасига зор эмас!"


“Ўзбекконцерт” раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров Тошкентда 8 феврал куни ўтказилган матбуот анжуманида санъаткорларни президентни мадҳ этувчи қўшиқларни айтишдан тийилишга чақирди.

Абдуқаҳҳоров ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган ва кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг “Селфи” қўшиғи ҳақида тўхталар экан "президентимиз санъаткорлар рекламасига мухтож эмас" деб айтди.

"Президентимизни ўзлари ҳам айтганлар, бўлди энди мақташ бўлмайди, деб. Биз ҳозир Жаҳонгир Позилжоновга индамасак президентга яхши кўриниш учун иккинчиси айтади, учинчиси айтади. Қарабсизки, ташқарида тирноқ остидан кир қидирувчи журналистларимиз нима дейди, ҳукумат шунга топшириқ берди деб мақолалар чиқишни бошлайди. Бизга нима кераги бор буни", - деб таъкидлади “Ўзбекконцерт” раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров.

Абдуқаҳҳоров айрим санъаткорлар томонидан давлат раҳбари фаолиятига боғлиқ видеотасвирлар асосида клиплар қилиниб, бадиий саёз матн асосида қўшиқлар яратилаётганини танқид қилди.

"Ундан кўра президентимиз олиб бораётган ислоҳотларга озгина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшайлик, шунда биз яхши кўринамиз" - деб айтди Абдуқаҳҳоров.

Жаҳонгир Позилжоновнинг “Менинг Президентим билан селфи” деган қўшиғининг ZO’R-TVда ўтган йилнинг декабр ойида намойиш этилган эди.

Жорий қоидага кўра¸ Ўзбекистон ҳудудида ижро қилинадиган ҳар бир қўшиқ ëки мусиқий композиция “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бадиий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши шарт. Эслатиб ўтамиз, ўзбек қўшиқчиларгиа ярим яланғоч, татуировка, дабдабали ва соқол билан видеога тушиш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG