Ссылки доступа

Америкаликларга «Туркман ҳаво йўллари» самолётларида учиш тақиқланди


АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси Америка дипломатик миссияси ходимларининг туркман ҳаво йўллари самолётларида сайёҳат қилишлари тақиқлангани тўғрисидаги хабарни тарқатди.

Элчихонанинг 7 феврал куни тарқатган хабари Европа авиация хавфсизлик агентлигининг «Туркменховаёллары» миллий авиакомпанияси самолётларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига ва бу мамлакатлар устидан учиб ўтишини тақиқлаганидан сўнг эълон қилинди.

«Европа авиация хавфсизлик агентлиги (EASA) Туркман ҳаво йўллари самолётларини Европа Иттифоқига ва Европа Иттифоқидан бўладиган парвозларини авиакомпания ҳаво хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларга мос келиши тасдиқланмагунга қадар тақиқлаб қўйди. Шу муносабат билан, Америка элчихонаси ходимлари расмий сафарлар вақтида Туркман ҳаво йўлларидан фойдалана олмайди, бу чекловлар зудлик билан кучга киради», дейилади тарқатилган эълонда.

Унга кўра тақиқлов ҳам халқаро, ҳам маҳаллий парвозларга тааллуқли бўлади. Тақиқлов, EASA «Туркменховаёллари»га нисбатан чекловларни олиб ташлаганидан кейин кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 4 феврал куни Буюк Британия ТИВ сайтида, Европа авиация хавфсизлик агентлиги «Туркман ҳаво йўллари»ни қора рўйхатга киритгани ва авиакомпания самолётларини ЕИ мамлакатларига, Европа Иттифоқи ҳудудлари устидан транзит парвозларини тақиқлагани тўғрисида хабар тарқатилди.

Туркманистон томонидан халқаро хавфсизлик стандартларига амал қилишларини тасдиқлашлари талаб қилинди. Авиакомпания қайси стандартларни бузгани ойдинлаштирилмади.

XS
SM
MD
LG