Ссылки доступа

Тожикистон ҳукумати мардикор бозорини қонунийлаштирмоқчи


Тожикистон Меҳнат, миграция ва ижтимоий бандлик вазирлиги яқинда тарқатган хабарида, ҳукумат мардикорлар бозорини қонунийлаштиришга қарор қилганини маълум қилди. Шу тариқа ички мигрантлар расман меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади ва ижтимоий кафолат ҳамда пенсияга умид қилишади.

Меҳнат вазирининг ўринбосари Эмин Сангинзода 7 феврал куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, мардикорлар ва иш берувчилар ўртасида эришилган оғзаки келишувлар уларнинг ижтимоий ва юридик ҳуқуқларини кафолатламаслигини айтди.

«Айрим мардикорлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга эга ва улар яхшигинга пул ҳам ишлашади, аммо қисқа вақт мобайнида иш берувчи ва ишчи ўртасидаги норасмий муносабатларни барқарорлаштиришнинг имконияти йўқ. Биз бу йўналиш бўйича иш олиб бораяпмиз», - деди Сангинзода.

Аҳоли бандлиги агентлигининг директор ўринбосари Ниёз Қурбоновнинг айтишича, ёлланма меҳнат бозоридаги сўровлар шуни кўрсатганки, мардикорларнинг ўзлари фаолиятларининг қонунийлаштирилишни исташмайди ва бир кунда топадиган 50-100 сомони (10 доллардан кўп) дан қониқиш ҳосил қилишади.

«Биз уларга, агарда сиз фаолиятингизни қонунийлаштирсангиз, у ҳолда сизларга ижтимоий кафолат берилишини тушунтирмоқдамиз. Келажак ҳақида, пенсия ҳақида ўйлаб кўриш керак, бироқ улар ўзларига ҳеч нарса керак эмаслигини, топаётган пуллари етаётганини айтишмоқда», - дейди Қурбонов.

Тожикистонда 20дан ортиқ мардикор бозори бор, бироқ мардикорларнинг аниқ сони бирор бир тузилмада қайд қилинмаган.

XS
SM
MD
LG