Ссылки доступа

Тожикистонда умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳбуслар ишлаш имкониятига эга бўлади


Тожикистон келажакда умрбод қамоққа ҳукм қилинган маҳбусларни меҳнат фаолиятига жалб қилишни режалаштирмоқда, бунинг учун уларга алоҳида махсус колония қурилади. Шу сабабли ҳукумат Жиноий жазони ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш киритиши керак бўлади.

Умрбод қамоққа ҳукм қилинган маҳбусларни иш билан таъминлаш масаласи шу йилнинг январь ойи сўнггида мамлакат бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан муҳокама қилинган эди.

Агар бу масала ўз ечимини топгудек бўлса, у ҳолда президент гвардиясининг собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев, Халқ фронти собиқ дала қўмондонларидан бирининг укаси Суҳроб Лангариев, хорижий велосайёхларга қарши ҳужум уюштирган гуруҳ раҳбари Ҳусейн Абдусамадов каби умрбод қамоққа ҳукм қилинган маҳбуслар иш билан таъминланади. Ҳозирча маҳбусларнинг қандай иш билан шуғулланишлари номаълум.

Адлия вазирининг ўринбосари ва Жазониижро этиш Бош бошқармаси бошлиғи Мансуржон Умаровнинг сўзларига қараганда, яқин икки ой мобайнида умрбод озодликдлан маҳрум қилинганлар учун қамоқхона қурилишининг лойиҳаси тайёрланади. Бу қамоқхона Рудакий туманидаги Сарикишти деган жойда қурилиши кутилмоқда. «Ҳаммаси колониянинг бош режасига боғлиқ. У ерда умрбод қамоққа ҳукм қилинганлар меҳнат фаолиятига жалб қилиниши учун махсус бинолар қурилади», - деди Умаров.

Айни дамда мамлакатнинг айрим колонияларида маҳбусларнинг ишлашлари учун имконият яратилган. Улар сандиқлар, пичоқлар, бешиклар ясашади ҳамда бу маҳсулотлар сотиш учун бозорга чиқарилади.

Хорижий велосайёҳларга ҳужум қилган гуруҳ раҳбари Ҳусейн Абдусамадовнинг онаси Гулчеҳра Шодмонова ўғлининг колонияда ишлаш ғоясига қарши чиқмоқда. «У ҳамон бузғунчи ғояларга тобе. Яхшиси, якка ўзи бўла қолсин. У бошқа маҳбус билан қолгудек бўлса, унга бирор нарса қилиб қўйишидан қўрқаман», -дейди аёл.

Тожикистон 2004 йилда ўлим жазосига мораторий жорий қилиб, уни умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирди. Айрим маълумотларга қараганда, мамлакат қамоқхоналарида 80 га яқин маҳбус умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG