"Ёнғинга тутун чиқувчи мўрининг ажратувчи қисмида ёнғин хавфсизлик қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган. Яъни томдан тутун чиқиб кетадиган жой бўлмаган. Бу печка ишлатилганида ёнғинга олиб келган. Бошпана ёнган ва қулаб тушган", – деди вилоят фуқаро муҳофазаси устидан назорат ва фалокатлар хатарини камайтириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жасулан Актаев телеканалга берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, кўпинча турар жой биноларининг эгалари ФВ ходимларини уйга киритмайди, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, суҳбат эшик ортида бўлиб ўтади. Турар жойлар бинолари фуқаро муҳофазаси идоралари томонидан назорат қилинмайди. Турар жой биноларида ёнғинларнинг сонини қисқартиришнинг бирдан бир чораси - бу уйма-уй юриб профилактика тадбирларини ўтказишдир.
Жума кундан бошлаб Остонадаги кўп болали оилаларнинг уйларига ис газидан сақланувчи жиҳозлар ўрнатила бошланди. Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида ҳам турар-жой мавзелари бўйлаб рейдлар уюштирилмоқда.
Актаевнинг сўзларига қараганда, ҳар йили мамлакатда 15 мингга яқин ёнғин қайд қилинади, уларнинг 70 фоизи турар жой сектори ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги йилларда ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони 20 фоизга ошди. 2019-йилнинг бир ойи мабойнида 116 киши ҳалок бўлди.
4 феврал куни Остонадаги Коктал-1 мавзесидаги хусусий турар жой бошпанасида юз берган ёнғин оқибатида беш нафар опа-сингил ҳалок бўлди, уларнинг энг каттаси 12 ёшда, энг кичиги эса бир ёшга ҳам тўлмаган эди. Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, ёнғин бошланган вақтда қизларнинг ота-оналари ишда бўлган.
6 феврал куни расмийлар “мамлакат фуқаролари даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, жумладан кўп болали оилаларни қўллаб қувватлаш” мақсадида ҳукумат қошида ишчи гуруҳ ташкил этилганини маълум қилди. Саноат ва тараққиёт инфратузилмалар вазири Женис Қасимбекнинг баёнотига қараганда, ўз идораси «кўп болали оилаларга уй қуришни молиялаштириш йўлларини қидирмоқда».