Ссылки доступа

Бишкекдаги банклар олдида тўйлар учун кредит олмаслик борасидаги ёзувлар пайдо бўлди


11 февралга ўтар кечаси бир гуруҳ фаоллар Бишкекнинг турли бурчакларидаги молия муассасалари олдига трафарет билан «Тойго кредит алба!» («Тўйга кредит олма!») ёзиб кетишди. Кўплаб ёзувлар банкларга кириш олдида пайдо бўлди, дея хабар берди акция иштирокчилари.

Фаолларнинг фикрича, одамлар пул ишлатишни билишмайди. «Турли тадбирларни ўтказиш учун кредит олишмоқда. Одамлар тадбиркорлик учун эмас, балки тўй ўтказиш учун кредит олишади. Кейин эса қарз ботқоғига тушиб қолишади, шундан сўнг ёшлар биргаликда ширин турмуш кечириш ўрнига кредитдан қутилиш учун пул топиш мақсадида чет элга кетишга мажбур бўлади», - демоқда фаоллар.

Ғоя муаллифларининг таъкидлашларича, уларнинг хатти-ҳаракатлари банклар фаолиятига тўсқинлик қилишга қаратилмаган.

Қирғизистонда тўйлар кўплаб меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтади, шу сабабли кўпинча ёш-келин куёвлар, ёки уларнинг ота-оналари кредит олишга мажбур бўлади. Ҳукумат ва парламент бу каби кўринишлардан хавотирга тушиб қолди ва тантаналар ўтказилиши чекланиши борасида тез-тез мурожаатлар билан чиқиб туради.

2018 йилда Маданият, информация ва туризм вазирлиги тўйларнинг энг яхши сценарийси бўйича танлов эълон қилди. Танловдан кўзланган мақсад тантаналарни жаҳон тажрибаси асосида ўтказиш, ҳаражатларни ҳаддан зиёд кўпайиб кетишига тўсиқ қўйиш, тантаналарни ўтказишда янгича маданиятни жорий қилишдан иборат эди.

XS
SM
MD
LG