Ссылки доступа

Ҳукуматга яқин манбалар: Ишдан олинган ДХХ раиси устидан жиноят иши очилган


11 февраль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод қилинган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жиноят иши фигурантига айлангани тўғрисида Ўзбекистон ҳукуматига яқин, бир-биридан мустақил учта манба иддао қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон президентининг Интернетдаги расмий саҳифасида Ихтиёр Абдуллаев соғлиги ёмонлашгани, бир йилда бўйин ва умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани ортидан лавозимидан озод қилингани билдирилди.

Исми айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ “ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев айни ташкилотнинг ўнлаб ходимлари устидан жиноят иши очилиб қамоққа олингани ортидан ишдан бўшатилган”.

Мулозимнинг айтишича¸ Ихтиёр Абдуллаев ҳозирча "иқтисодий жиноятларни содир қилганликда" гумонланмоқда.

Бир-биридан мустақил икки нафар мулозимнинг билдиришича¸ Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) бўйича жорий йилнинг 8 февралида жиноят иши очилган.

Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ бу жиноят иши январь ойида қамоққа олинган ДХХ ходимлари¸ хусусан ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов кўрсатмаларига асосланган.

Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ жиноят иши республика ҳарбий прокуратураси тарафидан очилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу борада "ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини" 11 февраль куни маълум қилди.

Жорий йилнинг 10 январида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар раҳбарларини “арқонни узун ташлаб қўйгани”дан огоҳлантирган, яқин кунларда “жиловни тортишини” айтган эди.

Бир мулозим иддаосига кўра, 10 январдан то 11 февралга қадар Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматининг юзга яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланган.

Мулозимларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, ДХХ тарафидан Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани боис Ихтиёр Абдуллаев президент учун “исталмаган шахсга” айланган.

Бу маълумотнинг расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча йўқ.

Куч ишлатар тизимларида ишлайдиган манбаси ҳам “ўнлаб ДХХ ходимлари устидан жиноят иши очилгани” борасидаги маълумотни 11 февраль куни тасдиқлади.

Унга кўра¸ қамоққа олинган ДХХ ходимлари Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG