Ссылки доступа

Очарчилик ёқасида. Афғонистон аҳолиси Душанбедан Панж дарёси устидаги кўприк очилишини сўрамоқда


Тожикистон билан чегарадаги Афғонистон аҳолиси Душанбе ҳукуматидан Панж дарёси устига қурилган кўприкни очишларини сўрашмоқда.

Афғонлар очарчилик ёқасига келиб қолишди –1 январдан бери Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин тумани билан Афғонистоннинг шимолий Хохон музофотини боғловчи кўприк «хавфсизлик нуқтаи назари»дан беркитилган эди.

Тожикистон-Афғонистон чегарасида Афғонистоннинг Хохон, Куфоб ва Шикай туманлари аҳолисига мўлжаллаган озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 20га яқин юк машинаси туриб қолди. Бу туманларда 299 мингга яқин киши истиқомат қилади, уларнинг озиқ-овқат заҳиралари тугаб қолган. Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари ярим йилдан бери амалда ташқи дунёдан узилиб қолган – тоғ йўллари кучли қорбўронлар туфайли куз ойларида ёпилади.

Афғонистонлик тадбиркор Нурали Сайиднинг 11 феврал куни айтишича, ўзига тегишли тўртта юк машинасида ўн тонна озиқ-овқат маҳсулоти, жумладан сабзавот ва мевалар бор. «Юк машиналари ўтган ойдан бери чегарада турибди. Менимча маҳсулотларнинг айримлари истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиб қолган», - дейди тадбиркор. Унинг сўзларига қараганда, кунлар совиб кетиши билан Афғонистон марказидан шимолий ҳудудларга элтувчи йўллар беркитилади, шу сабабли ҳайдовчилар маҳсулот ва товарларни етказишда Тожикистон ҳудудларидан фойдаланишади. «Улар Афғонистоннинг Қундуз вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятини боғловчи чегарадан ўтишади ва Тожикистоннинг Шамсиддин Шохин тумани ва Хохон уездини боғловчи кўприккача келишади», - дейди Нурали Сайид.

Ўзини Маҳамадислом дея таништирган Хохон туманида яшовчи фуқаронинг айтишича, бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари мутлақо қолмаган. «Биз кўприк очилгунча бўлган муддатга мўлжаллаб қиш учун озиқ-овқат ғамлаб қўйган эдик. Кўприк очилганидан сўнг ҳамиша шундай бўлиб қолса керак деган хаёлда, ўзимизга таассалли бердик … Заҳира деярли тугаб бўлди. Аҳоли очарчилик ёқасига келиб қолди. Биз дўст ва қардош Тожикистон президентидан кўприкни очишга ёрдам беришини сўраймиз», - дейди суҳбатдош.

Ҳукумат юзага келган вазият юзасидан изоҳ бермади. Тожикистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, «Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги кўприк хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилган».

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти губернатори Аҳмад Файсал Беҳзоднинг 11 февраль куни баёнот беришича, Тожикистон расмийлари ҳамон бу кўприкнинг беркитилиши юзасидан изоҳ бермаган.

2017 йилнинг декабрида бир гуруҳ афғон контрабандистлари билан тўқнашувдлан сўнг Афғонистон билан чегара беркитилган эди, ўша тўқнашувда «Шўраобод» чегара отряди қўмондони полковник Ҳайриддин Ахтамов ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG