Финал ўйинлари ниҳоясида беш вазн тоифасидаги чемпионларга 8 миллион¸ кумуш медаль совриндорларига 4 миллион¸ бронзага эса¸ 2 миллион сўмлик соврин сертификатлари тантанали топширилган ва Профессионал бокс федерацияси бу суратларни жамоатчиликка тақдим қилган эди.
Профессионал бокс федерациясининг Озодлик гаплашган мутасаддиси нодавлат ташкилоти бўлган федерация ҳисобида умуман маблағ йўқлиги¸ совриндорларга мукофот пули бериш тугул¸ федерация хизматчиларининг ўзига ҳам октябрдан бери ойлик берилмаëтганини билдирди.
Ўзларини Профессионал бокс бўйича 2018 йилги Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари намояндаси деб таништирган ëш йигитлар қўлларига расман топширилган мукофот пули ҳақидаги сертификатларнинг оддий қоғоз бўлиб қолаëтганини билдирди.
Шикоят қилгани учун федерациянинг кейинги мусобақаларига қўйилмаслигидан чўчиган бу спортчилар ўз шахси сир тутилишини сўради.
Аксарияти талаба бўлган профессионал боксчиларга кўра¸ 15 сентябрь куни Самарқандда ғолиб ва совриндор бўлганлардан фақат биттаси – қорақалпоғистонлик Ренат Раҳимовгагина (+90 кг вазн тоифасидаги чемпион) у ДХХга шикоят қилганидан кейин ваъда қилинган 8 миллион сўмлик мукофот берилган¸ холос.
Қолган 14 нафар чемпион ва совриндорларни¸ Озодлик гаплашган боксчилар таъбирича¸ “эрта берамиз¸ индин берамиз деган алдов билан боқиб келишмоқда”.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган ва унда “Real haus” компанияси раҳбари Исроил Юнусов “федерация иш фаолиятини жонлантириш мақсадида” раисликка тайинланган.
Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси нодавлат ташкилоти бўлиб¸ унинг Миллий олимпия қўмитаси таркибига кирувчи Бокс федерациясига алоқаси йўқ.
Ҳаваскор боксчиларга ҳомийлик қиладиган Бокс федерацияси раиси Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Очилбой Раматовдир ва бу федерация АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" бири сифатида санкцияга учраган Ғафур Раҳимов раислигидаги Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (AIBA) таркибига киради.