Фожиа 10 февралдан 11 февралга ўтар кечаси юз берди: эрталаб уйдан уч кишининг – оила отаси 49 ёшли Зокир Шокиров ва унинг икки фарзанди – 19 ёшли Анас ва 18 ёшли Мадинанинг жасади топилди. Бохтарда ўтказилган судмедэкспертизадан сўнг улар дафн этилди.
Зарнисор жамоатидаги Киров қишлоғида яшовчи Шокировлар оиласининг қўшниси Азиза Бобоеванинг 12 феврал куни маълум қилишича, юз берган фожиадан қишлоқ аҳолиси карахт бўлиб қолди. Унинг сўзларига қараганда, бу оила ҳовлисида дўкон бўлиб, ҳар куни эрталаб уй хўжайини дўкон эшигини очарди.
«Эрталаб дўкон берк эди. Бир неча харидор келди, тақиллатишди, жим-житлик. Бироз ўтиб яна бир харидор келди, биз деразани тақиллата бошладик, дераза очилиб кетди ва биз даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлдик», - дейди Шокировлар оиласининг қўшниси.
Унинг айтишича, зудлик билан участка нозири чақирилди ва қўшниларнинг ёрдами билан жабрдийдаларнинг уччаласи ҳам шифохонага олиб борилди, аммо уларни қутқаришнинг имкони бўлмади. Шифокорлар уларнинг вафот этганини айтишди.
Бохтар шаҳридаги «Қарияи Боло» шифохонасида ўтказилган суд тиббиёт экспертиза хулосалари ҳозирча эълон қилинмади, бироқ қўшниларнинг тахминларига қараганда, Шокировлар ис газидан вафот этган бўлиши мумкин – улар уйдаги печкани кўмир билан иситишарди. Қаҳратон қиш кунларида тожик қишлоқларида оила аъзолари асосан печка билан истиладиган бир хонада ухлашади.