Ссылки доступа

Талабалар яна туркман банк картларидаги пулларни нақдлаштира олмаяпти


Хорижда ўқиётган туркман талабалари Туркманистон банклари томонидан берилган карталардаги пулларни нақдлаштиришда мураккабликлар билан тўқнаш келишда давом этмоқда. Бу ҳақда Россия ва Белорусда ўқийдиган талабаларнинг ота-оналари «Озодлик» радиосига маълум қилишди.

Уларнинг сўзларига қараганда, бир ойдан бери фарзандлари банк картларидаги пулларни нақдлаштира олмаяпти. «Янги йилгача ўғлим ўз картидан бир ҳафтада 1000 рублгача ечиб олиши мумкин эди. Бироқ, бир ойдан бери у бир тийинни ҳам нақдлаштира олмади. Бизга бир ойда 150 долларни нақдлаштириш мумкинлигини айтишади», - дейди ўғли Москвада ўқийдиган Ашхободда яшовчи фуқаро «Озодлик» мухбирига.

Шу каби вазиятга Белорусс олий таълим даргоҳларида ўқийдиган талабалар ҳам тушиб қолган. Карталар блокировка қилиниши билан бир қаторда, ота оналар пулларни халқаро «Western Union» пул ўтказиш хизмати орқали жўнатишда ҳам қийинчиликлар билан тўқнаш келган.

«У ерда навбатлар узундан узоқ-ки, яқинлашиб бўлмайди. Навбат бир ойда аранг келади. Ашхободдаги «Western Union» бўлими орқали фақат 100 АҚШ доллари юбориш мумкин. Шу билан бирга пул жўнатаётганда бир нечта маълумотларни, жумладан талаба ўқийдиган олий таълим даргоҳидан тасдиқланган маълумотномани, ота-оналарнинг иш жойидан маълумотларни тақдим этиш керак», - дейди 12 феврал куни «Озодлик»нинг Ашхободдаги мухбири.

Туркман банк картларининг Туркманистон ташқарисида нақдлаштириш муаммоси, шунингдек пулларни хорижга жўнатишдаги мураккабликлар бир йилдан бери давом этмоқда.

Ўтган ҳафтада сайтимизнинг ўзини хорижда ўқиётган талаба эканлигини айтган ўқувчиларидан бири, ўз изоҳида 25 кундан бери атиги 15 АҚШ долларини нақдлаштирганини ёзиб қолдирди.

XS
SM
MD
LG