Ссылки доступа

Отаси депорт қилинган, онаси Россияда бўлган 17 яшар бола ўзини осди


Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 9-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган бола 7 февраль куни уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Чиғатой қишлоғидаги 9- мактабнинг 11-синфида ўқийдиган 17 яшар М.А. 7 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида марҳумнинг маҳалладошларидан бири хабар берди. “Ўша куни мактабда олтинчи соат дарсдан чиқиб уйига келгану, молхонасига кириб ўзини осган. Уйида бир синглиси бўлган холос, чунки дадаси Россиядан депорт бўлиб келганидан сўнг, Тошкентда ишлар эди. Онаси эса Россиянинг Владивосток шаҳрида ишларди. Онасига телефон қилишган экан, 8 февраль куни ўғлини кўмишмасдан олдин етиб келди”, деди суҳбатдош.

Унинг айтишича, 8 февраль куни М.А. жанозасиз дафн қилинган.

Чиғатой маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, М.А, ўтган йили ўғриликда айбланиб, уй қамоғига ҳукм қилинган эди. “Отаси шу ерда, онаси Россияда. Оилада битта ўғил ва битта қиз эди. Ўтган йилнинг 15 ноябрь кечаси бу бола бир ўртоғи билан қишлоқдаги магазиннинг деворини тешиб, кассасини ўғирлаб, қўлган тушган эди. Тергов олиб борилиб, суд бўлди. Вояга етмагани учун суд уни икки йил “ҳаракатни чеклаш”, яъни уй қамоғига ҳукм қилган эди. Шундан кейин мактабга бориб-келиб юрарди. Ўзларига тўқ оила, камчилиги йўқ эди. Нега ўзини осгани сабаби номаълум”, деди маҳалла фаоли.

Каттақўрғон тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, айни пайтда бу ҳолат юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Бу маълум бўлган сўнгги бир ой ичидаги еттинчи суициддир.

XS
SM
MD
LG