Ссылки доступа

Босимлардан сўнг ZO'R TV “Ҳовли” сериали намойишини 22.30 га кўчирди


11 февраль куни Ўзбекистондаги ZO’R TV канали Туркияда суратга олинган “Ҳовли” сериали намойишини 22.30 га кўчирди. Сериалнинг ижтимоий тармоқларда исломий ахлоқ нормаларига зид, дея танқид қилиниши ортидан телеканал шундай қарорга келганини Озодликка ZO’R TV вакили билдирди.

ZO’R TV канали вакили тармоқлардаги эътирозлар сабаб сериал намойишини 19.30дан 22.30га кўчиришга мажбур бўлинганини айтди.

- Тепадан буйруқ келди, кўчирдик. Ёш болалар кўрмасин деб, 22.30 га кўчирдик. Эрталаб 9.00да такрор намойиши бўляпти. “Ҳовли” сериали ўрнида 19:30 дан 20:30 гача “Абдулҳамид”, 20:30 дан 21:30 гача “Эртуғрул” қўйилади, - деди ZO’R TV канали вакили.

Телеканал вакили “тепа” деганда кимни ёки қайси ташкилотни назарда тутганини очиқламади.

Бундан олдин азон.уз ва бошқа исломий сайтларда “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган "Ҳовли" турк сериалининг соф исломий ахлоқ нормалари ва ўзбек миллий зеҳниятига зид экани иддао этилган бир нечта мақола эълон қилинган эди.

Танқидчиларга кўра, қамоқдаги аёлларнинг яшаш тарзи ва қисматини очиб берган ушбу сериал, ундаги жиноятчи аёллар образлари ёш ўзбекларнинг миллий зеҳнияти ва маънавиятига зарар беряпти.

"Сериал ўз ичига олган сюжетлардаги қаҳрамонлар бизнинг жамият учун фақат ва фақат салбий таъсир ўтказади. Айни дамда бу каби замонавий сериаллар шарқона миллийликни тиклашга уринаётган миллатимиз учун акс таъсир кўрсатади. Ўз қизига Ишани дея исм қўйган ватандошимиз ўша савияси паст сериалдан таъсирланмаган дея ким айта олади?", - деб ёзилган азон.уз сайтида босилган мақолада.

"Ҳовли" сериали қамоққа олинган аёлларнинг ҳибсдаги ҳаёти ҳақидадир. "Ҳовли" сериали Ўзбекистонда "16+" тамғаси билан намойиш этилмоқда. 2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ фильмлар ёшга доир тоифа белгиси билан намойиш этилиши лозим.

Экран бурчагида "16+" ёзуви бўлса демак, кўрсатув ёки фильмни 16 ёшдан кичик бўлганлар кўриши мумкин эмас.

"Ҳовли" сериали Ўзбекистонда танқидга учраган биринчи турк фильми эмас.

Ўтган йилнинг январида исломий сайтлардаги танқидлар ортидан “ZO”R- TV” "Севги изтироби" деб аталувчи турк сериали намойишини тўхтатган эди.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Мирза Юсуф" жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов эса ўтган йил март ойида жума ваъзида турк сериалларининг миллат генофондига ёмон таъсири ҳақида гапиратуриб, хотинлар жинсий алоқа пайтида эри эмас¸ турк сериалларидаги чиройли эркакни хаëлига келтирса¸ бундай аёллардан "ҳаво ранг (гей) болалар" туғилади”, деган эди.

XS
SM
MD
LG