Ссылки доступа

Туркманистон Тожикистонга мўлжалланган юклар ортилган 100дан ортиқ темирйўл вагонларини ўтказмаяпти


Тожикистонга йўл олган 100дан ортиқ вагон Туркманистон темир йўлларида ушлаб турилибди. “Озодлик” радиосига 12 февраль куни келиб тушган ҳужжатга қараганда, 2019 йилнинг 8 феврал ҳолатига кўра, Туркманистоннинг бир нечта темир йўл станциясида 108 та юк вагони туриб қолган.

Ҳужжатда таъкидланишича, вагонлар Турманбаши, Сарахс, Мари, Талимаржон, Амударё, Келиф станцияларида турибди. Вагонларда турли юклар, жумладан пахта ёғи, Ёқилғи мойлаш материаллари, мармар, шунингдек алюмин ишлаб чиқаришда зарур хом-ашё бўлган кокс бор. Ушлаб турилган 108та вагонинг 29тасида кокс борлиги айтилмоқда.

108 вагон – бу 8 февралдаги аҳвол, аммо бу рақам кундан кунга ортиб бормоқда. Тожикистон темир йўллари бошқармаси бу хабарни 12 феврал куни тасдиқлади, шу билан бирга туркманистонлик ҳамкасблар ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан изоҳ беришмаётганини ҳам айтиб ўтишди.

Тожикистон темир йўлларининг Россиядаги бўлими ходими Жамшед Нуровнинг айтишича, мазкур темир йўл бўйича йўловчи поездлари аввалгидек ҳаракатланмоқда.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин бу масала юзасидан баёнот берар экан, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланганини ва икки томонлама ҳамкорликка тўсиқ қўйиб бўлмаслигини айтди.

«Биз ҳамон Туркманистондан нима учун қўшни давлат ўз ҳудудидан Тожикистонга келаётган юк машиналари транзитини тақиқлагани юзасидан изоҳ олмадик. Биз туркманистонлик ҳамкасбларимизга турли даражада мурожаат қилганмиз. Бу каби муаммолар дўст мамлакатлар ўртасида бўлмаслиги керак. 2017 йилнинг октябрида икки мамлакат президентлари Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани имзолаган эди, унга кўра томонлар икки томонлама ҳамкорликка қандайдир тўсиқ қўйимасликлари керак. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва кўмакка оид бошқа икки томонлама ҳужжатлар ҳам бор», - дея таъкидлади Тожикистон ТИВ раҳбари.

Туркман расмийлари шу йилнинг 4 февралидан бошлаб ўз ҳудудлари орқали яна транзитни тақиқлади. Туркманистон ҳудудлари орқали транзит билан боғлиқ бу каби ҳолатга тожик юк машиналари биринчи марта дуч келаётгани йўқ. Ўтган йилнинг август ойида Туркманистон расмийлари ўз ҳудудлари орқали тожик юк машиналари ва темир йўл вагонлари транзитини тақиқлаб қўйган эди. Юзлаб тожик юк машиналари Эрон-Туркманистон чегарасида туриб қолди, аммо Ашхобод тақиқлов сабабларини айтмади.

XS
SM
MD
LG