Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, ҳайдовчи 24 январда ўзига бириктирилган “Lacetti 2” автомашинаси билан Яшнобод туман, Шаҳрисабз кўчасида чорраҳанинг пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб келаётган 1960 йилда туғилган фуқарони уриб юборган.
Натижада пиёда ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олиб, 1-сонли Республика клиник шифохонасига жойлаштирилган ва 29 январда шифохонада вафот этган.
Бош прокуратура матбуот хизмати ўз хабарида пиёдани уриб юборган ҳайдовчи ва вафот этган пиёданинг шахсига оид маълумотларни очиқламаган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида тегишли экспертизалар ўтказилиб, ҳайдовчига Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилинган.
“Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга юбориш арафасида. Мазкур ҳолат юзасидан қонунийлик қатъий таъминланиши кафолатланади”,- дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Айрим маҳаллий нашрлар Бош прокуратура ҳайдовчиси Вестминстер университети қошидаги лицей ўқитувчисини машинаси билан уриб ўлдириб, воқеа жойидан қочиб кетгани тўғрисида ёзган эди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳайдовчи воқеа жойидан қочмаган.