Ссылки доступа

Бишкекдаги ИЭМ бўйича коррупцияда айбланаётганлардан ноқонуний пул ёки мулклар топилмади


Бишкек ИЭМни модернизация қилишда коррупция ва ТВЕА компаниясига ҳайриҳоҳ қилганликда айбланганлардан ҳозирча коррупция фактини исботловчи пул ёки мулклар топилмади. Бу ҳақда 14 феврал куни ИЭМ атрофидаги иш бўйича тергов ҳақида маълумот эшитилган парламентда маълум бўлди.

«Ҳайриҳоҳлик вақтида албатта пора бўлади. Сиз кимдандир хориждаги банк ҳисобларида ноқонуний пуллар, янги уйлар ёки бошқа мулкларни топдингизми?», - дея сўради депутат Дастан Бекешев Бош прокурор Откурбек Жамшитовдан.

Бу саволга жавоб берган Жамшитов: «Биз пуллар изини топиш мақсадида барча зарур чораларни кўраяпмиз. Агар бу пуллар топилса, худо хоҳласа топилгудек бўлса, айбланувчиларга нисбатан яна жиноий иш очилади - уларга нисбатан қонунга зид равишда бойиб кетиш ва жиноий йўллар билан топилган даромадларни қонунийлаштириш айби қўйилади. Бу йўналиш бўйича ишлар давом этмоқда».

ИЭМ модернизацияси чоғида коррупция иши бўйича айбланаётганлардан бири ҚР собиқ молия вазири Ольга Лаврова ҳозир Бишкекда, унинг мулки хатловга олинган. Айни дамда Лаврова «Газпром Кыргызстан» ОАЖ бош директорининг ўринбосаридир.

2018 йилнинг 26 январида Бишкекдаги ИЭМда юз берган фалокатдан сўнг учта жиноий иш очилган. Улардан бири пудратчини танлашда коррупция факти бўйича. Терговнинг фикрича, маъсул шахслар 386 миллион доллар таклиф қилган ТВЕА компаниясига ҳайриҳоҳ бўлишган. Мазкур иш бўйича бош айбланувчи сифатида президент аппаратининг собиқ раҳбари ва кейинчалик бош вазир бўлган Сапар Исақов кўрилмоқда. Мазкур иш бўйича кўрилган зарар 111 млн долларни ташкил қилади. Суд жараёни 19 феврал куни Бишкекдаги Свердлов туман судида бошланди.

XS
SM
MD
LG