Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати тадбирларни ёритадиган журналистларга талабни кучайтириш таклифи билан чиқди


Қозоғистон ҳукумати тадбирларни ёритадиган журналистларга талабларни кучайтириш керак, деган таклиф билан чиқди, бунинг учун қонунларга ОАВ вакиллари учун қўшимча талаблар киритилиши керак бўлади.

Ҳукумат фармойишига қўшимча киритиш тўғрисидаги лойиҳа 13 феврал куни норматив-ҳуқуқий актлар порталида эълон қилинди. Лойиҳага “мажлис, йиғилиш ёки бошқа тадбирлар ўтадиган бинода жой етишмаслиги” туфайли журналистнинг аккредитациядан ўтиши рад қилиниши мумкинлиги борасидаги пункт киритилган.

Журналистлар аккредитациядан ўтиши учун аккредитация қиладиган ташкилотнинг ички кун тартиби ва модератор томонидан белгиланган регламентга итоат этиши борасида журналистдан ёзма розилик тўғрисидаги ариза, шунингдек журналист ва ОАВ таҳририяти ўртасида имзоланган шартноманинг нусхаси талаб қилинади.

Журналистнинг аккредитациядан маҳрум қилишга сабаб бўладиган рўйхат кенгайтирилди. Агар журналист қоидани бузса ёки “уни аккредитация қилган давлат органи, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирадиган” ҳақиқатга зид хабар тарқатгудек бўлса ёки мухбир “аккредитация қилган идоранинг ички тартибини ва модератор регламентини бузса”, аккредитация бекор қилиниши мумкин.

Қўшимча киритиш лойиҳаси Қозоғистон журналистлар уюшмаси раиси Сейткази Матаев томонидан танқид қилинди. Матаев КазТАГга берган изоҳида, тадбир ўтказадиган жойнинг ички тартибига итоат қилиш борасида журналистнинг ёзма розилиги Қозоғистонда ҳеч қачон амалда бўлмаганлигини айтди. Матаевнинг фикрича, Журналист ва ОАВ ўртасида муносабатларга оид шартнома акс этган ҳужжатниинг тақдим қилиниши фуқаро журналистикаси фаолиятига барҳам беради.

Норматив-ҳуқуқий актлар порталида эълон қилинган лойиҳа остига уни танқид қилинган шархлар қолдирилмоқда. Журналист Альберт Ахметов ўзгаришлар борасидаги таклифни “очиқ цензура ва журналистларнинг касбий фаолиятига тўсиқ” дея баҳолади. Унинг ҳамкасби Серикжан Маулетбай эса залда бўш ўрин йўқлиги учун журналистга аккредитация берилмаслиги қонунларга зид эканлигини ва “журналистларни танлаб-танлаб тадбирларга киритиш имкониятини бериши” ҳақида ёзди.

XS
SM
MD
LG