Ссылки доступа

Тожикистон божхоначилари баптистларнинг 5 мингта календарини йўқ қилди


Тожикистон Божхона хизмати насронийларнинг жамоат ташкилоти буюртмасига асосан Тожикистонга олиб кирилаётган 5 мингта календар мусодара қилинганини тасдиқлади.

Божхона ҳуқуқ-бузилишларига қарши кураш бошқармаси бошлиғи Раҳмонали Раҳимзоданинг айтишича, мазкур ташкилотга тегишли календарлар Душанбе аэропортида ўтган йилнинг 18 декабрида қўлга туширилган.

Тожикистонда рўйхатдан ўтган насронийларнинг «ЕХБ (евангелия христиан-баптистлари) черков » ташкилоти вакилларининг 13 феврал, чоршанба куни хабар қилишича, Тожикистон расмийлари бу ташкилотга тегишли календарларни мусодара қилган ва йўқ қилган.

Мазкур черков вакилларнинг сўзларига қараганда, календарларда Евангелиядаги шеърлар борлиги учун ҳам мусодара қилинган. Календарларнинг ҳаммаси ёқиб юборилди, черков вакиллари эса 4 минг сомони (420 долларга яқин) миқдорида жаримага тортилди. Евангелия христиан-баптистлари вакилларининг айтишича, тожик расмийлари уларга олиб келинган календарлар Тожикистонда мазкур черковга келадиган диндорлар сонидан ошиб кетганини айтишган. Улар олиб келинган календарлар қонунга зид равишда мусодара қилингани ва йўқ қилинганини айтишмоқда.

Бироқ, Рахмонали Рахимзода бу фикрларни инкор қилади, унинг баёнотига қараганда, Маданият вазирлиги томонидан берилган хулосада мусодара қилинган календарларда бошқа диний оқим тарғиботи мавжудлиги таъкидланган.

«Тожикистон Маданият вазирлигида матнлар экспертиза қилинганидан ва календарларда ўзга дин тарғиб қилингани боис улар мусодара қилинди. Мазкур диний оқимга кириш мумкин, аммо мамлакатга адабиётларни Маданият вазирлигининг махсус рухсатисиз олиб кириш қонунга зиддир», дея таъкидлади Тожикистон божхонасининг амалдори.

Яқинда Тожикистон Божхона хизмати раиси Хуршед Каримзода божхоначилар мамлакат қонунларида кўзда тутилмаган диний адабиётларни олиб кирилиши ва тарқатилишига тўсқинлик қилишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG