Ссылки доступа

Дариға Назарбаева журналистлар учун талаблар кучайтирилиши ҳақида: «Ваҳимага тушманг» (видео)


Қозоғистон парламент сенатининг депутати, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбаева ҳукуматнинг тадбирларни ёритишга жалб қилинадиган журналистларга қўядиган талабларининг кучайтирилиши юзасидан изоҳ берди.

Назарбаева журналистлар аккредитацияси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги фармойишга ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳа билан «ҳозирча танишиб чиқмаганини», аммо лойиҳани ўрганиб чиқишга ваъда беришини айтди.

«Аввалдан ваҳима кўтарманг», - дея у ОАВ вакилларига мурожаат қилди. Журналистлар хавотир олишга асос борлигини айтишди, чунки ҳукумат ўтган йили ОАВ тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар киритишга муваффақ бўлди. Мухбирларнинг фикрича, бу ўзгартишлар матбуот аҳволини ёмонлаштирди. Дариға Назарбаева бунга жавобан журналистларни пассивликда айблади, ҳамда ОАВ ходимлари воқеадан кейин ташвишга тушишидан аввал, ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганиши ва курашиши лозимлигини таъкидлади.

«Сизнинг касб соҳангизга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқинглар, ёки вазирликлар томонидан норматив-ҳуқуқий актлар қабул қилинишидан аввал улар кенг муҳокамага қўйилиши керак. Афсуски, бу масалада журналистлар ҳамжамияти жуда ҳам пассивдир. Қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганида сизлар қаерда эдингиз, нима учун томошабин бўлиб турдингиз? Сизлар, касб эгалари, бу соҳани алоҳида олинган депутатга қараганда яхши биласиз», - деди президентнинг қизи. Шунда журналистлар эътироз билдириб, ўзларини парламентининг ишчи гуруҳига киритишмагани, шунга қарамай эътирозларни матбуот ҳимоячилари орқали етказмоқчи эканликлари ҳақида гапиришганида, Дариға Назарбаева: «Менга ҳеч ким мурожаат қилмади», деди.

Журналистлар билан мулоқот якунида у ҳукумат фармойишини ўзгартириш билан боғлиқ масалага келаси ҳафтада қайтишини ва «бу масаладаги ишни фаоллаштириш»га ваъда берди.

Қозоғистон ҳукумати тадбирларни ёритадиган журналистларга талабларни кучайтириш керак, деган таклиф билан чиқди, бунинг учун қонунларга ОАВ вакиллари учун қўшимча талаблар киритилиши керак бўлади.

Ҳукумат фармойишига қўшимча киритиш тўғрисидаги лойиҳа 13 феврал куни норматив-ҳуқуқий актлар порталида эълон қилинди. Лойиҳага “мажлис, йиғилиш ёки бошқа тадбирлар ўтадиган бинода жой етишмаслиги” туфайли журналистнинг аккредитациядан ўтиши рад қилиниши мумкинлиги борасидаги пункт киритилган.

Журналистлар аккредитациядан ўтиши учун аккредитация қиладиган ташкилотнинг ички кун тартиби ва модератор томонидан белгиланган регламентга итоат этиши борасида журналистдан ёзма розилик тўғрисидаги ариза, шунингдек журналист ва ОАВ таҳририяти ўртасида имзоланган шартноманинг нусхаси талаб қилинади.

Журналистнинг аккредитациядан маҳрум қилишга сабаб бўладиган рўйхат кенгайтирилди. Агар журналист қоидани бузса ёки “уни аккредитация қилган давлат органи, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирадиган” хақиқатга зид хабар тарқатгудек бўлса, ёки мухбир “аккредитация қилган идоранинг ички тартибини ва модератор регламетини бузса”, аккредитация бекор қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG