Ссылки доступа

Ҳукумат “Юксалиш” нодавлат ташкилоти раҳбари мақомини вазирга тенглаштирди


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати нодавлат ташкилоти раҳбарининг мақоми тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра вазирга тенглаштирилди. Бу борада “Юксалиш” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлигининг 14 февралда билдиришича, қарорга мувофиқ давлат бошқарув органлари, ҳокимликлар ўз фаолиятини “Юксалиш” ҳаракатининг мустақиллиги ва унинг фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда ҳамкорликда амалга оширади.

“Юксалиш” ҳаракати президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган эди.

Фармонга асосан ҳаракатга Акмал Бурҳонов раҳбар этиб тайинланган. Халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG