Ссылки доступа

Трамп яқин кунлар ичида фавқулодда вазиятни жорий этиши мумкин


Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп федерал ҳукуматни молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолайди ва Мексика билан чегарада девор қуришга маблағ олиш учун фавқулодда вазият жорий этади. Бу ҳақда Республикачилар партиясидан сенатор Митч Макконел 14 февраль, пайшанба куни маълум қилди.

АҚШда фавқулодда вазият жорий этилиши эҳтимоли ҳақидаги маълумотни Оқ уй расмий вакили Сара Сандерс ҳам тасдиқлаган.
“Президент девор қуриш, чегара ва буюк мамлакатимизни ҳимоя қилиш бўйича берган ваъдасини бажармоқда”, - деб ёзади у твиттерда.

Бундан олдин Конгрессдаги демократлар ва республикачилар жанубий чегаралар хавфсизлиги масаласи бўйича дастлабки келишувга эришишгани маълум бўлганди. Бу навбатдаги шатдаун, яъни 15 февраль куни музокаралар учун берилган муддат якунланиши билан ҳукумат фаолиятини тўхтатишнинг олдини олишга ёрдам бериши керак эди.

Келишувда жанубий чегараларда тўсиқ барпо этиш учун салкам бир ярим миллиард доллар ажратиш назарда тутилган. Трамп эса девор қуришга қарийб олти миллиард доллар сўрамоқда.

25 январь куни Трамп 35 кун давом этган ва АҚШ тарихида энг узоқ “шатдаун”дан кейин ҳукумат муассасалари ўз ишини қайта йўлга қўйганини эълон қилганди.

XS
SM
MD
LG