Ссылки доступа

Тошкент ҳокими одамлар яшаётган уйни бузиш хатолигини тан олди, жавобгарлик ҳақида индамади


uzbekistan

16 февралда журналистлар билан учрашган Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтда ваҳимаси кучаяётган "буз-буз"лар бўйича саволларга жавоб берди. Ҳокимлик раҳбарияти, хусусан, шаҳардаги 78-уйнинг ичидаги оилалар кўчмасидан туриб, бузилиши нотўғри бўлганини тан олди, аммо жавобгарлар борасида изоҳ бермади.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, шанба оқшом ўз идорасида журналистлар билан учрашган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Фуқаролар яшаб турган уйларда демонтаж ишларини олиб бориш тақиқланган", деган.

16 февраль куни пойтахтдаги Анҳор канали ёқасида жойлашган ва ҳали одамлар яшаб турган 78-уй шошилинч бузила бошлади. Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлди.

Нашрнинг хабар қилишича, уйда яшовчилар бинонинг бузилишидан 2 йил аввал хабардор қилинган, аммо уйнинг бузилиш санаси айтилмагани ва кўчиб чиқиш учун шароит яратилмаганидан шикоят қилмоқда.

Ҳозирча, уйни унга қўшни паркни кенгайтириш мақсадида бузаётганини билдирган ҳокимият, нега бу қадар шошилинч иш қилаётганини изоҳламаётир.

Бунинг ўрнига эса, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев: "Ҳокимият одамлар яшаётганда [уйни бузиш] ҳуқуқига эга эмас", деган жавоб билан чекланган.

Яъни, одамлар яшаб турган уйни бузиш бошлаб юборилгани ноқонуний бўлганини тан олган шаҳар ҳокими, бу ишга жавобгарлар ва уларга кўриладиган чора ҳақида ҳам индамаган.

Аслида, 78-уйнинг авария ҳолатига келиб қолганини таъкидлаган шаҳар ҳокимияти, бу уйда яшовчиларга Тошкентнинг Байналмилал кўчасидаги "Ёзувчилар уюшмасининг тайёр уйи", шунингдек, Қори Ниёзий кўчасидан уй таклиф қилинганини билдирди.

Шунингдек, ҳокимият вакиллари пойхтахтнинг "Лолазор" маҳалласидаги халқ орасида "Полкушка" деб аталувчи кўп қаватли уйлар ҳам авария ҳолатида экани, айрим уйларнинг ҳатто "4 ёки 5 баллик зилзилани кўтара олмас ҳолга келган"ини қайд этган.

Шу йилнинг 12 февралида ​Тошкент шаҳар ҳокимлиги аслида бу уйларни бузиш тўғрисида қарор ҳануз қабул қилинмагани, аммо инвесторлар “ҳеч қандай тарихий аҳамияти йўқ бўлган” икки қаватли уйлар ўрнига замонавий кўп қаватли бинолар барпо этишни таклиф қилаётганини билдирганди.

Аммо, "Muhandis-Konsulting" номли хусусий ширкат вакиллари 3 февраль куни маҳалла аҳли билан учрашиб, яшаб турган уйларини бузиб, ўрнига янги уй қуриши ва уларга янги уйлардан квартиралар берилишини билдиргани хабар қилинганди. Ширкат вакиллари тилга олган уйлар сирасида эса "Лолазор" маҳалласида 1891 йилда қурилган уйлар ҳам борлиги айтилганди.

XS
SM
MD
LG