Ссылки доступа

Душанбе Панж дарёси устидаги кўприкни очиб афғонларни очликдан қутилишига ёрдам берди


Бир ярим ойдан сўнг Тожикистон қиш ойларида чегара яқинидаги афғон қишлоқларини озиқ-овқат билан таъминловчи ягона чора бўлган Панж дарёси устидаги кўприкни очди.

Хатлон вилоятидаги Шамсиддин Шохин туманини ва Афғонистон шимолидаги Хохон уездини боғловчи кўприк Афғон наркоконтрабандачилари томонидан тожик чўпони Тўрахон Нурматов ўғирлаб кетилганидан сўнг 2019 йилнинг 1 январ куни ҳаракатлар учун беркитилган эди.

Шу кундан бошлаб Тожикистон-Афғонистон чегарасида Афғонистоннинг Хохон, Куфоб ва Шикай уездлари аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 20га яқин юк машинаси туриб қолди. 200 минга яқин аҳоли истиқомат қиладиган мазкур уездларда озиқ-овқат маҳсулотларининг заҳираси тугаб бораётган ва аҳоли очлик гирдобига тушиб қолаётган эди. Афғонистоннинг шимолий туманлари деярли ярим йилгача ташқи дунёдан узилиб қолади – чунки қорбўронлари туфайли тоғ довонлари куз ойларидан бошлаб беркитилади. Афғон қишлоқларининг аҳолиси Тожикистон расмийларига мурожаат қилиб кўприк тезроқ очилишини илтимос қилди.

Совуқ кунлар келиши билан куз ойларидан бошлаб Афғонистон марказини шимол билан боғловчи йўллар беркитилади ва шунинг учун ҳам маҳсулот ва озиқ-овқатларни етказиш мақсадида ҳайдовчилар Тожикистон ҳудудларидан фойдаланишади. Улар Афғонистоннинг Қундуз вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасидаги чегарадан ўтишади ва Тожикистон ҳудудлари орқали ўтиб Шамсиддин Шохин туманини Хохон уезди билан боғловчи кўприккача боришади.

Афғонистоннинг Бадахшон маъмурияти матбуот котиби Некмаҳмад Назарининг 16 феврал куни айтишича, кўприкни очиш масаласи икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари даражасида ҳал қилинди ва ниҳоят ижобий қарорга келинди. «Мазкур кўприк Бадахшон вилоятининг учта уезди аҳолиси учун ҳаётий аҳамиятга эга. Кўприк беркитилган давр мобайнида туриб қолган юк машиналаридаги озиқ-овқатларнинг кўпчилиги яроқсиз холга келиб қолди, энди муаммо бартараф этилди», -дейди суҳбатдош.

Афғонистонлик тадбиркор Нурали Саид 16 феврал куни бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган тўртта юк машинаси Хохонгача етиб борганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, бир ярим ой мобайнида учта уездаги барча бозор ва дўконларнинг пештахталари деярли бўшаб қолган эди.

XS
SM
MD
LG