Давлатга тегишли ОАВнинг хабар беришича, «мазкур тиббиёт муассасаси эзгу ишга қўшилмоқчи бўлган тадбиркорлар, кенг жамоатчилик, жумладан ҳайвонларни ҳимоя қилувчи кўнгиллилар учун очиқ бўлади». Президентнинг таъкидлашича, туркман халқи «ҳамиша уй ҳайвонларига ғамҳўрлик ва маъсулият билан қараган», шу сабабли ҳам бу бошпанани давлат ўз қармағига олишини таъкидлади.
Президентнинг таклифи Ашхобод ва Туркманистоннинг бошқа минтақаларида маҳаллий расмийлар томонидан уйсиз ҳайвонларни ўлдиришга қаратилган кенг қамровли кампания олиб борилаётгани ҳақида «Озодлик» радиосида туркум мақолалар эълон қилинишибилан бир вақтга тўғри келиб қолди. Бердимуҳаммедов клиника қуриш юзасидан фармойиш қабул қилишдан икки кун аввал, 13 феврал куни «Озодлик» радиоси Ашхобод яқинидаги ҳайвонлар учун бошпана ва гўштни қайта ишловчи завод ҳудудида суратга олинган видеони эълон қилган эди.
Ўтган йилнинг ёзида яширин камера орқали суратга олинган кадрларда ҳайвонларнинг шафқатсизларча ушлаб турилгани акс этган бўлиб, улар орасида бемор ва ҳолдан тойган жониворларни, шунингдек, нобуд бўлган ҳайвонларнинг скелетларини кўриш мумкин эди. Фаолларнинг сўзларига қараганда, 2018 йилнинг 22 август куни бошпана ёпилган, шундан сўнг электр қуввати узиб қўйилган ва сув бериш тўхтатилган, ангар атрофига девор қурилиб, тиканли сим тортилди.
Ашхободдаги ҳайвонларнинг ҳимоячилари бўлмиш фаолларнинг «Озодлик»ка маълум қилишларича, 15 феврал куни, яъни президент ҳайвонлар учун бошпана ташкил этиш борасида таклиф билан чиққан куни пойтахтдаги Парахат-4 мавзесида ҳайвонлар, жумладан эгаси бор уй жониворлари шафқатсизларча овланган.