Ссылки доступа

Эрон ТИВ: Теҳроннинг Тожикистонга муносабати қардошларча


Баҳрам Қасеми

Эроннинг Тожикистон ҳукуматига бўлган муносабати қардошларчадир, дея баёнот берди Эрон ТИВ расмий вакили Баҳрам Қасеми 16 феврал куни Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

"Мен Эрон Ислом Республикаси миллий байрамига бағишланган тадбирда нутқ сўзлаган Тожикистон ташқи ишлар вазирининг сўзларига қўшиламан, менинг фикримча тарих, география, ўтмиш ва келажак, шунингдек икки мамлакат ва икки мамлакат хукуматлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро хамкорлик алоқалари кенгайтирилишини тақозо этади", деди Қасеми, унинг бу сўзлариниИРНА агентлиги иқтибос сифатида келтириб ўтади. Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин тилга олиб ўтилган тадбирда 2019 йил Эрон билан муаммоларни ҳал этиш ва “икки қардош ва дўст мамлакат ўртасидаги муносабатлар йили бўлиши”ни таъкидлаб ўтган эди.

Баҳрам Қасемининг таъкидлашича, "Эрон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг илдизи қадимий ва умумий алоқаларга боғланган узоқ тарихга бориб тақалади, унутилмас ва қадимий алоқаларни инкор қилиб бўлмайди", дея хабар беради ИРНА.

Эрон ТИВ расмий вакилининг сўзларига қараганда, Теҳрон ҳеч қачон Тожикистоннинг қонуний ҳукуматига қарши чиқиб келадиган гуруҳларни қўллаб-қувватламаган. "Биз Тожикистон ҳамиша хавфсиз, барқарор ва тараққий этган мамлакат бўлиб қолишини истаймиз”, деди Қасеми. У шунингдек, Эрон Ислом Республикасининг сиёсати мустақилликка эришган Тожикистон хукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлаб ўтди. «Бу сиёсат ва шу каби ёндашув ҳозирги кунга қадар ҳам давом этиб келмоқда ", -дея сўзларига қўшимча қилди Эрон ТИВ матбуот котиби.

Бундан аввалроқ Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, «Тожикистон ва Эрон ўртасида муаммолар фақат сиёсий масалалардагина мавжуд” эканлигини таъкидлаб ўтган эди. “Аммо бу муаммоларни катта деб бўлмайди. Ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда бизларда муаммолар йўқ», -дея таъкидади Тожикистон ташқи сиёсат маҳкамасининг раҳбари.

Тожикистон-Эрон муносабатларида совуқлик даври кузатилмоқда. Бунга Теҳрон 2015 йил декабрида фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) раҳбари Муҳиддин Кабирийни халқаро анжуманга таклиф қилгани, унинг Теҳронда Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хаманайи билан учрашуви сабаб бўлди. Шундан сўнг Эрондан озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан гўшт маҳсулотлари ва чой импорти чекланди. Душанбе ўз қарорини бу маҳсулотларнинг сифати пастлиги билан изоҳлади.

XS
SM
MD
LG