Ссылки доступа

Ашхобод полицияси аёллардан ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўймоқда


Айни дамда полиция ходимлари бутун шаҳар бўйлаб текширув ўтказмоқда, ҳамма ҳайдовчиларни, биринчи навбатда рул бошқараётган аёлларни тўхтатмоқда.

18 феврал куни Ашхободдаги «Озодлик» мухбирларининг хабар қилишича, пойтахт полицияси рулдаги аёлларни тўхтатиб, турли баҳоналар билан уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўймоқда. "Бугун шаҳар бўйлаб эрта тонгданоқ ҳамма жойда полиция ходимлари турибди. Барча машиналарни, биринчи навбатда рулни бошқараётган аёлларни тўҳтатишмоқда. Турли баҳоналар билан айб топишмоқда", - дея хабар беради ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўйиш билан боғлиқ ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳлари билан суҳбатлашган «Озодлик» мухбири.

Унинг сўзларига қараганда, шундай ҳодисалардан бири 18 феврал куни эрталаб Сапармурат Туркменбаши проспектида юз берди, автомобил бошқараётган аёл тўхтатилди ва барча ҳужжатларни текшириб бўлишгач, аптечка талабларга жавоб бермаслиги баҳонасида унинг гувоҳномасини тортиб олишди. "Полиция унда анальгин ва димедрол йўқлигини баҳона қилди. Аммо унда бу дорилар ўрнини босувчи бошқа дорилар бор эди. Аёл бу ҳақда тушунтира бошлаган эди, полициячилар ҳеч нарса билмасликларини айтишди ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишди", - дея хабар беради «Озодлик» мухбири.

«Озодлик» суҳбатдошларининг айтишларича, полиция ходимлари гувоҳномаларнинг олиб қўйилиш сабабларини айтишмаяпти, фақат юқорининг топшириғи эканини айтишмоқда. "Бизга протокол кўчаси бўйлаб аёллар томонидан бошқариладиган автомобиллар қатновига йўл қўйилмаслик борасида топшириқ келган", - дейди полициянинг сўзларини келтирар экан, ўз номини ошкор қилишни истамаган суҳбатдош «Озодлик» радиоси билан суҳбатда.

18 феврал куни "Хроника Туркменистана" нашри, кун давомида Мустақиллик проспекти (Garyşsyzlyk şaýoly) бўйлаб автомобиллар тургани, уларнинг ёнида инспекторларни кутаётган аёллар борлиги, Туркманистон бетарафлиги проспектида (Bitarap Türkmenistan şaýoly) эса аёллар томонидан бошқарилаётган 20 га яқин автомобил ушлангани ҳақида хабар тарқатди. Нашр маълумотига кўра, шу куни жарима майдончасига 90 тадан 120 тагача автомобил олиб борилди. "Жабрдийдаларнинг айтишларича, полициянинг ҳатти ҳаракатлари аёлларни автомобил бошқаришдан воз кечишга мажбурлашдан иборат эди ", дея таъкидлайди нашр.

«Озодлик» мухбирларининг таъкидлашларича, куни кеча Ашхобод ҳуқуқ тартибот идораларида ишловчи аёллар шахсий автотранспортдан фойдаланишларини тақиқловчи буйруқ олди.

XS
SM
MD
LG