Ссылки доступа

Навоий вилоят суди раиси ўз ходимини ерга ётқизиб, чотига тепди. Ходим касалхонага тушди


15 февраль куни эрталаб Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошев қўл остида ишловчи ходим Дилшод Норовни ҳамкорлари кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилаган. Бундай иддао билан 18 февралда 31 яшар Дилшод Норовнинг ўзи мурожаат қилди.

Вилоят судида компьютер созловчиси бўлиб ишлайдиган Дилшод Норовнинг айтишича, маъмурий суд раиси Отабек Тошев уни, гўёки, берилган вазифани бажармагани учун ерга ётқизиб, чотига тепган.

- Биринчи ҳақоратлаб, пультни отиб юбордилар. Жаҳл устида келиб, бошимга урдилар ўнг қўллари билан. Бошимга урган пайти пастга қарагандим, кутилмаганда бутимга тепди. Шунда йиқилдим ерга. Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Ай, дедим. Ёрдамга чақирдим, - деди Дилшод Норов.

Натижада, юра олмай қолганини айтган 31 яшар Дилшод Норов айни куннинг ўзида Навоий вилоят касалхонаси хирургия бўлимига ётқизилган.

Мояги шишиб кетганини айтган Дилшод Норов ҳозирги аҳволини "ўртача" дея баҳолади.

- Ўртача. "Яхши бўлиб кетасан. Бугун-эрта шишларинг қайтади. Қонинг яхши чиқди," деяпти дўхтирлар. Лекин ташқарига акам олиб чиқдилар. Уят бўлсаям айтай, олдингидай ёзила олмаяпман, - деди Дилшод Норов.

Дилшоднинг туғишган акаси Шерзод Норовнинг шикоят қилишича, орадан уч кун ўтган эса-да, тиббий экспертиза хулосаси уларнинг қўлига топширилмаган ва судья Отабек Тошев ишни "бости-бости қилишга ҳаракат қиляпти".

- Дўхтирлар "яхши қилиб берамиз" дейди. Лекин биз "қани текширув натижалари, улар борми, экспертиза хулосалари нима бўлди?" деб сўрасак, кўрсатмайди, - деди Шерзов Норов.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 18 февралда маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратурасида "тергов олди текшируви олиб борилмоқда".

"Суд тиббиёт экспертизаси тайинланган. Натижаси юзасидан маълумот берилади," дея билдирди Бош прокуратура.

XS
SM
MD
LG