Воқеа гувоҳларининг айтишларича, бола ўзини осганидан икки кун ўтиб, унинг жасади уйининг болахонасида ошкор қилинган.
Туман прокуратураси бу воқеа юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракати олиб бормоқда.
Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, мактабларда малакали психологлар етишмаслигини айтди.
Бу ҳолат Фориш туманида сўнгги икки ойда мактаб ёшидаги болаларнинг учинчи бор ўз жонига қасд қилишидир.
Фориш туманининг Оқтепа маҳалласида яшаган 16 яшар мактаб ўқувчисининг ўз жонига қасд қилгани ҳақида шу маҳалла яшовчилардан бири хабар қилди:
“Марҳум оиланинг яккаю-ёлғиз ўғил фарзанди эди. Ўлимидан бир кун олдин мактабдан қайтган, уйларида овқатланган кейин соат кечки олтиларда ҳовлисидаги бошқа уйга чиқиб кетган. Уйидагилари ўша ерда ётади деб, қидиришмаган. Лекин эрталаб кириб қарашса, уйда йўқ экан. Кейин қидир-қидир бошланган. Икки кундан сўнг томга чиқиб кўришса ўша ерда осилган ҳолда турган экан”, дейди оқтепаликлардан бири.
Фориш тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:
“Айни пайтда прокуратура бу ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бормоқда. Ўшанинг натижаларига қараб қонуний қарор қабул қилинади”, деди прокуратура мулозими.
Фориш тумани ҳокимининг Хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Гулнора Исмоилова, сўнгги пайтда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини тасдиқлар экан, мактаблардаги психологларнинг малакасиз эканлигини айтди:
Унинг айтишича, Форишда сўнгги пайтда ёшлар ва катталар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати кўпайганлиги ҳақиқатан ташвишли ҳол:
- Ҳамма ишни қиляпмиз, мактаб-коллежларда учрашувлар ўтказиб, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Имомларимиз масжидларда бу мавзуда амри маъруф қилмоқда. Маҳаллаларда худойи қилиб ўтказдик. Лекин ўз жонига қасд қилишлар давом этяпти. Масалан, ўтган олти ой давомида бир оиланинг уч ўғли кетма-кет ўзини осди. Ўзига тўқ, тагида мошинаси бор йигитлар. Унинг отаси ҳам аввал ўзини осиб, ўлган экан. Айниқса ўқувчи болларнинг ўз жонига жабр қилиши, ҳеч тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Буни тагида қандайдир бир сир-синоат бор. Бу ҳолатга қарши курашиш кераклиги деярли ҳар мажлисда муҳокама қилиняпти, деди туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Исмоилова.