Ссылки доступа

Қорақалпоғистонда гуруҳ бўлиб зўрланган 16 ёшли мактаб ўқувчиси ҳомиладор бўлди


Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани 14-сон ўрта мактаби 9-синфида ўқийдиган 16 ёшли қиз ҳомиладор бўлган. Яқинлари қизнинг мактабдошлари тарафидан гуруҳ ҳолида жинсий зўрланганини иддао қилмоқда. Мактаб раҳбарияти жамоатчиликдан ушбу ҳолатни узоқ вақт яшириб келган.

14-сонли мактабнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири қизнинг ҳомиладор экани унинг ўқишга келмаётгани сабабини ўрганиш пайти маълум бўлганини айтди.

- Қишки таътилдан сўнг дарсга келмади. Олдинига касал дейишди, иситмаси чиқиб ётибди, дейишди. Кейин қизнинг 5 ойлик ҳомиладор экани маълум бўлди, - деди мактаб ўқитувчиси.

Қизнинг қариндошларидан бирининг айтишича, ота-оналари қорнидаги боласини туширишга ҳаракат қилиб кўрган.

– Частний врачларга олиб боришди, бўлмади. Кеч бўлган экан. Энди маҳалла-кўйда иснодга қолмаслик учун Қозоғистондаги қариндошлариникига олиб бориб туғдиришмоқчи,- деди қариндоши.

Чимбойдаги 14-сон мактабнинг директори Давлатмурод Жарлихонов эса ўзи раҳбарлик қилган мактабда ўқувчи қизнинг ҳомиладор бўлиб қолганидан бехабар эканини айтди.

Чимбойдаги 14-мактабнинг бир неча ўқитувчиси ва зўрланган қизнинг қариндошлари "ҳокимият қандай қилиб булсаям ишни бости бости қилишга уриняпти" деб айтди.

Журналистлар суриштируви ортидан Чимбой туманидаги 14-мактабга 13 феврал куни Ички ишлар бўлими ва прокуратура терговчилари келган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Чимбойнинг 14-мактабида ўқувчи қизнинг зўрлангани ва бунинг ортидан ҳомиладор бўлиб қолгани юзасидан 13 февралда жиноят иши очилганини тасдиқлади.

"Мазкур ҳолат юзасидан Чимбой туман ички ишлар бўлими томонидан 13.02.2019 йилда фуқаро Р.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Бу Ўзбекистонда вояга етмаган қизалоқларнинг зўрланиши ва ҳомиладор бўлиб қолишига оид биринчи воқеа эмас.

Икки йил аввал Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар қизалоқ ўз туғишган акасидан фарзанд кўрган эди.

XS
SM
MD
LG