Ссылки доступа

Қароқчилар қурбонлари ҳужумчилардан бири ИИБ нозири эканини даъво қилмоқда


Сурхондарё вилоят, Шўрчи туманида истиқомат қилувчи 32 яшар Санжар Жумаев ва унинг қариндошига шу вилоятнинг Ангор туманида бир гуруҳ номаълум шахслар қилган ҳужум ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Санжар Жумаевнинг онаси ўғлига ҳужум қилганлар жазосиз қолаётганидан шикоят қилган эди.

Санжар Жумаев ва унинг машинасида бўлган қариндоши, 30 яшар Шерали Равшанов Ангор туманидаги участка нозири уларга ҳужум қилган 5 кишининг бири эканлигини иддао қилди.

Санжар Жумаевнинг онаси Дилбар Азизованинг шикоятида унинг ўғли 2018 йилнинг 8 декабри оқшомида ўз машинасида Шўрчидан Ангорга боргани ва номаълум шахслар ҳужумига учрагани тўғрисида ёзган.

Онанинг ёзишича, ҳужум қилган беш шахс ўзини “Миллий гвардияданмиз”, деб таништирган. “Миллий гвардия аъзолари” ўз машинасида Санжар Жумаевнинг машинасини бир неча соат таъқиб қилиб қувган. Санжар, ўз машинасида бўласи билан қочиб қутулай деган пайтда, таъқиб қилаётганлар яна етиб келган.

“Бу орада ўзини миллий гвардиячи деб таништирган 5 нафар одам “Дамас” русумли қаймоқранг машинада етиб келган ва улар ўғлимни кўплашиб калтаклашга тушган.

Шу маҳал “Матиз” русумли машинада икки нафар ИИБ ходими келган. Улар зўравонликка чек қўйиш ўрнига формасиз ўзини Миллий гвардия ходими деганларга “бошига урманглар, биқинига уринглар” деб маслаҳат бериб турган.

Калтаклашгани етмагандек, зўравонлар ўғлимнинг оғзига мажбурлаб ароқ қуйишган. Кейин эса икки нафар ИИБ ходим “бўлди, етарли” деб ўғлимни судраб Ангор туман ИИБга олиб бориб қамаб қўйган”, деб ёзди Дилбар Азизова.

Ангор туман прокуратураси терговчиси Ҳусниддин Каримов 19 февраль куни Санжар Жумаев билан боғлиқ воқеа бўйича жиноят иши 13 февралда қўзғатилганини билдирди:

“Санжар Жумаевнинг тан жароҳати ва машинасига етказилган зарардан келиб чиқиб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик” - таҳр.), 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди, иш олиб борилаяпти”.

Терговчининг айтишича, “Миллий гвардия” ўз хизматчиларининг ҳужумга алоқаси борлигини инкор қилган. Терговчи Ҳусниддин Каримов иш билан боғлиқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

Санжар Жумаев, унинг опаси Мастура Жумаева, бўласи Шерали Равшановлар Озодликка 19 февраль куни берган суҳбатлари давомида ҳужум қилганлардан бири Ангор туманидаги участка нозирларидан бири Илҳом Абдуллаевдир, деган иддаони илгари сурди.

Санжар Жумаевнинг айтишича, воқеадан кейин у мустақил равишда Ангорда ҳужум қилганларнинг кимлигини суриштирган.

“Ҳужум қилганлардан бирининг юз тузилишини, сочи қандайлигини, устидаги кийимини айтиб берган эдим, ангорлик оғайним суриштириб билиб берди. У шундай одам ўша куни “Ларгус”да бир неча киши билан юргани, унинг Илҳом Абдуллаев эканлигини айтди”, - деди Санжар Жумаев.

Санжарнинг опаси, 34 яшар Мастуранинг айтишича, у декабрнинг охирларида адолат излаб Ангор туман прокуратурасига борган.

"Ўша пайтда укамнинг иши билан терговчи Аббос Раҳимов шуғулланаётган эди. Ўшанда участковойлар: Илҳом Абдуллаев, Одил Элмоновлар келди. Мажбурлаб ёздириб олган Элмонов, урган Абдуллаев эди. Ўша пайтда бўлам (Шерали Равшанов – таҳр.) Илҳом Абдуллаевни таниди. Бўлам унга “Сиз эдингизку бизни “Ларгус”да қувган, деса, чаппа қараб, “мен эмасдим, исботлаб бер”, деган”.

Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом аканинг билдиришича, участка нозири Илҳом Абдуллаев шу кунда касалхонада даволанмоқда.

XS
SM
MD
LG