Ссылки доступа

Ўзбекистонлик беш аёл тилла тақинчоқларни ўғирлаганликда гумонланиб Қирғизистонда ҳибс қилинди


Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳар суди ўғриликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик беш нафар аёлни тергов якунлангунига қадар эҳтиёт чораси сифатида икки ой ҳибсда сақлаш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева қўлга олинган аёлларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқлади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Жалолободдаги мухбири ўғриликда гумонланаётган икки аёлнинг тергов пайтидаги гапларини ёзиб олган. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи аёл ўғрилик қилганини тан олган ва у билан бирга қўлга олинган аёлларнинг ўғриликка алоқаси йўқлигини билдирган.

-Бу ерга товар олгани ва юк ўтказгани келган эдик. Магазинга кирдик.Уларнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Ўғриликни мен қилдим, лекин уларнинг айби йўқ, улар билмасди, лекин,-деди бу аёл.

Унинг айтишича, чегарадан ўтаётганида ёнидаги икки аёлдан ўғирланган тилла тақинчоқларни чегарадан олиб ўтишда ёрдам беришларини сўраган. Лекин шерик бўлган аёллар бу тақинчоқлар ўғирланганини билишмаган.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан бўлган 57 ёшли аёл ўзининг собиқ ўқитувчи эканини ва ўғрилик қилмаганини, ўғриликдан хабари ҳам бўлмаганини айтди:

-Мен бу мақсадда бу ерга келмаганман. Менинг ҳамма нарсам етарли. Мана, пулим бор, ўзимнинг тилла тақинчоқларим бор. Пулимни ҳам, тақинчоқларимни ҳам истасангиз олиб қолинг, мени уйимга қўйиб юборишса бўлди,-деди яккабоғлиқ аёл.

Бироқ криминал милицияси бошлиғи Улан Ўмурзақов эса:

-Бизда оператив видеотасвирлар бор. Тилла тақинчоқлар ўғирланган дўконда қўлга олинган беш аёл бўлгани мана шу видеотасвирларда акс этган,-деб айтди.

Жалолобод шаҳар судининг қарорига кўра, беш гумондор аёл икки ой давомида ҳибсда қолади.

XS
SM
MD
LG