Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон журналистлар билан учрашади


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бугун Душанбеда журналистлар билан учрашади. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати бу масала юзасидан бирор бир хабарни маълум қилмади, аммо таклиф қилинганлардан уч нафари учрашув 20 феврал куннинг иккинчи ярмига мўлжалланганини айтди.

Суҳбатдошларнинг сўзларига қараганда, учрашувга давлатга қарашли ОАВ журналистлари ва бош муҳаррирлари таклиф қилинган. Учрашув мавзуси расмий нашрларнинг фаолияти бўлиши кутилмоқда.

Тожикистон президенти сўнгги бор журналистлар билан 2012 йилда тожик матбуотининг 100- йиллик юбилей муносабати билан учрашган эди.

Журналистлар билан қисқа учрашувлар расмий тадбирлар вақтида ҳам бўлиб ўтади. Масалан ўтган йилнинг октябр ойида журналистлар билан Сўғд вилоятида телевидение ва радионинг янги студияси очилиши чоғида учрашар экан давлат раҳбари: «Минг афсуски, телевидениенинг биринчи каналидан тортиб ҳамма хукуматни мақташ билан овора. Гўёки бизда ҳамма нарса жойида ва бирор бир камчилик йўқдек тасаввур туғилади», дея баёнот берган эди.

Раҳмоннинг сўзларига қараганда, мақтов ва хушомад жамият ва ҳукумат вакилларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. «Ҳамду сано керак эмас. Бу - ишда жиддий хатоларга сабаб бўлади. Телевидение ва радио орқали мақтов сўзлар ва ҳамду сано давлат ва мамлакатга фойдадан кўра зарар келтиради. Камчиликлардан кўз юмиш керак эмас. Аксинча, расмийларининг камчиликларини очиш ва хатоларни тузатиш йўлларини кўрсатиш керак», - дея таъкидлаган эди Эмомали Раҳмон.

XS
SM
MD
LG