Ссылки доступа

Олмаота полицияси фаолларнинг ушланиши юзасидан изоҳ берди


Олмаота шаҳар полиция департаменти 20 февраль куни шаҳар ҳокими Бауржон Байбнекнинг аҳоли билан ҳисобот учрашуви олдидан бир неча фаолнинг ушланиши юзасидан изоҳ берди.

Полиция «жамоат тартибини бузиш фактларига йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида» фаоллар ушланганини маълум қилди. Куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ходимларининг сўзларига қараганда, гўёки «айрим шахслар» ҳоким иштирокидаги тадбирни барбод қилмоқчи бўлган, учрашув ўтказилишига қаршилик қилган ва «бир неча бор қилинган огоҳлантиришларни» инкор қилган.

«Шу сабабли Маъмурий ҳуқуқ бузилишлари тўғрисидаги Кодексга биноан ҳуқуқ бузувчилар ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланди ва вазиятни ойдлинлаштириш мақсадида полиция бўлимига олиб келинди ва амалдаги қонунларга кўра чоралар кўрилди», - дейилади полиция томонидан тарқатилган хабарда. Бошқа тафсилотлар – гап қандай ҳуқуқ бузилишлари ҳақида бораётгани ва қандай чоралар кўрилгани ҳақида – хабар матнида келтирилмаган.

20 феврал куни ҳоким билан учрашувга бормоқчи бўлган бир неча киши ушланди. Улар орасида Кўк яйлов тоғ этагида курорт қурилишига қарши бўлган Андрей Бузикин, ҳуқуқ ҳимоячиси Ерлан Калиев, фаол Марат Туримбетовлар ҳам бор. Улар полиция бўлимига олиб борилди ва бир неча соатдан сўнг қўйиб юборилдилар. Фаолларнинг фикрича, ҳукумат шу тариқа ноўрин саволлар бермоқчи бўлган одамларни ҳоким билан учрашувга киришига йўл қўймаган.

Хабарларга кўра, бир кун аввал кечқурун полиция ипотека омонатчиларининг муаммоси билан шуғулланувчи ҳаракат фаоли Дильнар Инсенова ва ўзининг мухолифат қарашлари билан танилган пенсионер аёл Сахиб Жанабаеванинг уйига келган. Liberty жамоатчилик жамғармасининг раҳбари Галим Агелеуовнинг хабар қилишича, Республика саройи залида «қора риэлтор»ларга қарши курашиб келаётган Юрий Маленький ушланган, у бинодан олиб чиқилган ва полиция бўлимига олиб борилган.

XS
SM
MD
LG