Ссылки доступа

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида янги «Ғиссор-Боботоғ» ўтиш пункти фаолият бошлайди


Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида тез орада Тожикистоннинг Ғиссор туманини Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Боботоғ қишлоғини боғловчи янги назорат ўтиш пункти фаолият кўрсата бошлайди.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 20 феврал куни ҳукуматлараро Шартномага ўзгартиш киритиш тўғрисидаги протоколни тасдиқлади, унга кўра янги НЎП фаолият юрита бошлайди.

Тожикистон МХДҚ раисининг ўринбосари ва Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Ражабали Раҳмонали янги НЎП очилиши борасидаги протоколни парламент депутатларига тақдим қилар экан, Ғиссор-Боботоғ ўтиш пункти маҳаллий аҳолига мазкур туманларга боришни енгиллаштириш ва чегара олди савдосини ривожига ҳисса қўшиш билан бир қаторда Тожикистон –Ўзбекистон чегарасидаги бошқа НЎПлардаги навбатларни қисқартиришини таъкидлади.

Ражабали Раҳмонали парламент депутатлари томонидан протокол тасдиқланганидан кейин янги НЎП халқаро мақомга эга бўлмаслигини, ундан фақат Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларигина, шунингдек икки мамлакат фуқароларига тегишли бўлган транспорт воситаларигина ўта олишини айтди. Хорижлик фуқаролар чегарадаги 9та халқаро ўтиш пунктларидан фойдаланишлари мумкин, дея таъкидлади чегара хизмати қўмондони.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида янги назорат-ўтиш пунктларини очиш масаласи ўтган йилнинг 17-18 август кунлари Тожикистон президенти Эмомоли Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида муҳокама қилинган эди. Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунланиши биланоқ икки мамлакат чегара муассасалари янги НЎПлар очилиши билан боғлиқ масалани ўрганишга киришдилар.

Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони шунингдек, 2018 йилнингмарт ойидан бери, Тожикистон ва Ўзбекистон визаларни бекор қилишга келишиб олганидан сўнг, тожик-ўзбек чегарасидан 1 миллион 384 минг киши ўтганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG